date

Қозоғистон аҳолиси 2025 йилда яна кўпайишга эришди

Қозоғистон аҳолиси 2025 йилда яна кўпайишга эришди

2025 йилнинг январь-июль ойларида Қозоғистон аҳолиси 124,5 минг нафарга ёки 0,61 фоизга кўпайди. Натижада 1 август ҳолатига кўра, мамлакат аҳолисининг умумий сони 20 миллион 407,8 минг кишига етди, деб хабар берди Қозоғистон Миллий статистика қўмитаси.

Қайд этилишича, бу йил аҳоли ўсиш даражаси аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада секинлашган. Шу билан бирга, мамлакат ҳудудларининг ярмидан кўпи юқори миграция ҳолатлари сабабли аҳоли сонида пасайиш кузатилмоқда.

Республика бўйича ўсиш кўрсаткичлари ўртачадан юқори бўлган бешта ҳудуд алоҳида қайд этилди: Остона шаҳри (3,92 фоиз), Чимкент шаҳри (1,99 фоиз), Олмаота шаҳри (1,46 фоиз), Олмаота вилояти (1,34 фоиз) ва Манғистау вилояти (1,11 фоиз). Шунингдек, яна тўртта вилоятда аҳоли сони ўсган, аммо улар республика бўйича ўртача кўрсаткичдан паст бўлган. Бу Ақтобе, Атирау, Оқмола ва Қизилўрда вилоятлари ҳисобланади.

Қолган барча ҳудудларда аҳоли камайиши кузатилди. Энг юқори камайиш Шимолий Қозоғистон, Абай ва Улитау вилоятларида қайд этилган. Шимолий ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида туғилиш кўрсаткичлари ўлим даражасидан паст бўлиб, табиий камайиш кузатилди. Қолган ҳудудларда эса табиий аҳоли ўсиши сақланиб қолган.

Миграцион ўсиш фақат бешта ҳудудда ижобий натижа берган: учта йирик шаҳар – Остона, Олмаота ва Чимкент – ҳамда Олмаота ва Манғистау вилоятларида аҳоли сони келаётганлар ҳисобидан кетаётганлардан кўп бўлган. Бошқа ҳудудларда эса, аксинча, кетиб бораётганлар сони келаётганлардан ортиб кетган.

Шаҳар аҳолиси январь-июль даврида 1,2 фоизга ўсиб, 12 миллион 926 минг кишига етди. Қишлоқ аҳолиси эса 0,38 фоизга камайиб, 7 миллион 482 минг кишини ташкил қилди. Шу тариқа, Қозоғистон аҳолиси таркибида шаҳарликлар улуши 63,3 фоизга, қишлоқ аҳолиси эса 36,7 фоизга етди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Тожикистон аҳолиси ҳам 10,6 миллион кишидан ошган эди. Январь–июнь ойларида 116,2 минг янги туғилган чақалоқ ва 17,2 минг нафар вафот этган фуқаро қайд этилган. Уларнинг орасида бир ёшга тўлмаган 800 бола ҳам бор эди, деб хабар берди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон аҳолиси 2025 йилда яна кўпайишга эришди