date

Ўзбекистон боксчиларининг мағлубиятсиз юриши яна давом этмоқда

Ўзбекистон боксчиларининг мағлубиятсиз юриши яна давом этмоқда

Англиянинг Ливерпул шаҳрида ўтказилаётган катталар ўртасидаги 2025 йилги жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. 9 сентябрь куни миллий терма жамоамиз шарафини ҳимоя қилаётган 9 нафар чармқўлқоп устаси рингга кўтарилди ва уларнинг барчаси ўз рақибларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоасининг мағлубиятсиз серияси узилмасдан давом этмоқда.

1/8 финал

Куннинг дастлабки баҳси -51 кг вазнда бўлиб ўтди. Унда Феруза Казакова бразилиялик Каролине Де Алмейдани устунлик билан ортда қолдирди ва ҳакамларнинг бир овоздан қарорига кўра чоракфиналга йўл олди.

Шундан сўнг, -60 кг тоифасида рингга чиққан самарқандлик Ситора Турдибекова италиялик Ребекка Николига ҳеч қандай имкон бермади ва 5:0 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди.

-55 кг вазнда Миразизбек Мирзаҳалилов эронлик Меҳди Козимийга қарши жангда қийинчиликсиз устунликка эришди. Унинг ғалабаси миллий терма жамоа олдидаги имкониятларни янада кенгайтирди.

-80 кгдаги Жавоҳир Умматалиев жанубий кореялик Ким Мин Сеонгга қарши баҳсда рингда мутлақ устунлик намоён қилди ва 5:0 ҳисобида рақибидан устун келди. Энди у чоракфиналда қозоғистонлик Нурбек Оралбайга қарши жанг қилади.

Аёллар ўртасида -48 кг вазн тоифасида Сабина Бобоқулова ҳам ўз маҳоратларини кўрсатиб, полшалик Ангелика Кристофорскани йирик ҳисобда мағлуб этди ва навбатдаги босқичга йўл олди.

-50 кг вазн тоифасида Шодиёржон Мелиқўзиев австралиялик Омер Изазни мутлақ устунлик билан ортда қолдирди. Жанг давомида у рақибини нокдаунга ҳам туширишга муваффақ бўлди.

Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев -65 кг вазнда финляндиялик Исмоил Умарга қарши жангда майдон эгаси сифатида ўз кучини кўрсатди ва 5:0 ҳисобида устунликка эришди. Энди у чоракфиналда қозоғистонлик Ертуған Зейнулинов билан рингга чиқади.

-85 кг вазн тоифасида Акмалжон Исроилов ҳам австралиялик Лачлан Лавсонга имконият қолдирмай, 5:0 ҳисобида чоракфиналга чиқди.

1/4 финал

Куннинг муҳим баҳсларидан бири -70 кг вазн тоифасидаги чоракфинал бўлди. Унда Азиза Зокирова германиялик Леоние Мюллерни мағлубиятга учратиб, яримфиналга йўл олди ва шу тариқа медални олдиндан нақд қилди.

Шу тариқа, 9 сентябр куни рингга чиққан барча 9 нафар ўзбекистонлик боксчи ғалаба қозонди. Миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатида ҳанузгача бирорта мағлубиятсиз иштирок этиб, ўз мухлисларини қувонтираяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон боксчиларининг мағлубиятсиз юриши яна давом этмоқда