15:30 / 28.07.2022
1 760

Қозоғистон–Саудия Арабистони: яқинлашувнинг боиси нима?

Қозоғистон–Саудия Арабистони: яқинлашувнинг боиси нима?
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон.
Фото: SPA

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев яқинда Жидда шаҳрида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан музокара ўтказди. Таҳлилчилар дунёда геосиёсий вазият мураккаб тус олаётган паллада энергетика бозорида пешқадам саналган икки давлат етакчиларининг учрашуви муҳим аҳамият касб этишини таъкидламоқда.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати музокаралар якунида савдо-иқтисодий ва сармоявий муносабатларни кенгайтиришга доир муҳим келишувларга эришилганини маълум қилар экан, подшоҳликни стратегик ҳамкор деб атаган. Ташриф давомида энергетика, савдо-сармоя, молия, маданият, спорт, ОАВ каби соҳалардаги ҳамкорликка доир 13 та ҳужжат имзоланган.

Ўз навбатида, Саудия матбуоти ҳам Қ.Тўқаев ташрифига алоҳида эътибор қаратган. Подшоҳлик Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги тизимига сармоя киритишга қизиқиш билдирган.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ва Саудия Арабистони ўртасида ҳамкорлик муносабатлари қайта кўриб чиқилаётгани, томонлар шунчаки дипломатик мулозиматдан реал лойиҳаларни афзал кўраётгани бежиз эмас.

Дунёдаги геосиёсий вазият Нурсултон ва Риёз муносабатларини жонлантиришни тақозо этмоқда. Фото: «Аkorda.kz»
Биринчидан, расмий Нурсултон ҳам, Риёз ҳам халқаро муносабатларда кўпвекторли сиёсатни кучайтиришга интилмоқда. Ҳар икки давлат геосиёсий иқлимга кучли таъсир кўрсатувчи АҚШ, ЕИ, Хитой, Россия каби ўйинчилар билан бирдек манфаатли ҳамкорлик қилишга уринмоқда. Украина уруши, Яқин Шарқдаги нотинчликлар Қозоғистон ҳамда Саудия томонининг мувозанатга асосланган ташқи сиёсати тўғри эканини кўрсатмоқда. Икки давлат ўртасидаги иттифоқнинг мустаҳкамланиши эса геосиёсий тарангликларда жуда асқатади.

Иккинчидан, Қозоғистон ҳам, Саудия Арабистони ҳам улкан табиий бойликлар захирасига эга давлатлар сирасига киради. Жаҳон энергия бозорида беқарорлик шароитида икки мамлакатнинг ўзаро мунтазам маслаҳатлашуви ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Учинчидан, ҳар икки давлат хомашё экспортига боғланиб қолмаслик учун иқтисодиётни диверсификация қилиш, инсон ресурсларини такомиллаштириш, илм-фан, инновация тизимини ривожлантиришга уринмоқда. «Қозоғистон–2050» стратегиясида ҳам, Саудия Арабистонининг «Нигоҳ–2030» дастурида ҳам ана шу мақсад-мўлжал белгиланган. Бу эса бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишни тақозо этади.

Тўртинчидан, Саудия Арабистони жуда катта сармоя салоҳиятига эга. Қозоғистонда эса ҳали ўзлаштирилмаган улкан табиий бойликлар мавжуд. Қўшни мамлакат ҳудудида вольфрам, уран, кумуш, рух, қўрғошин ва бошқа рангли ҳамда қимматбаҳо маъданларнинг конлари талайгина. Саудия Арабистони конларда разведка ишларини олиб бориш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун сармоя киритиши мумкин.

Бешинчидан, ҳар икки давлат нефть-кимё, атом энергетикаси, фазовий тадқиқотлар соҳаларини ривожлантиришга бел боғлаган. Бу борада ўзаро тажриба алмашув сув билан ҳаводек зарур.

Олтинчидан, Қозоғистон буғдой ва ун ишлаб чиқариш бўйича дунё ўнлигига киради. Саудия бу борада катта бозорга эга. Қозоғистон подшоҳликка буғдой ва сифатли ун етказишни таклиф этмоқда.

Еттинчидан, Саудия Арабистони дунё давлатлари бўйлаб таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани яхшилаш бўйича кўп миллион долларли лойиҳаларни амалга ошириб келади. Қозоғистонда ҳам 120 млн доллардан зиёд қийматга эга лойиҳалар амалга татбиқ этилган. Бу кўрсаткич янада ошиши кутилмоқда.

Саккизинчидан, икки давлат транспорт, логистика, туризм бўйича ҳам ҳамкорликни ривожлантирмоқчи. Бу борада, жумладан, тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини ошириш ҳам кўзда тутилган.

Бугунги кунда саноат, ишлаб чиқариш, умуман, иқтисодиётнинг барча тармоқлари равнақи илм-фан ва инновацияга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Қозоғистон ва Саудия етакчилари қўшма баёнотида ҳам илмий изланишлар, инновация, рақамли технологиялар ва таълим йўналишларидаги тажриба алмашувларни кучайтириш лозимлиги алоҳида қайд этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон–Саудия Арабистони: яқинлашувнинг боиси нима?