Англия саралашда барча ўйинларни ютган иккинчи Европа терма жамоаси бўлди

Англия терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичини муаммосиз якунлади ва барча саккизта ўйинда ғалаба қозонди. Якуний турда Томас Тухел бошчилигидаги жамоа сафарда Албанияни Гарри Кейннинг дублидан сўнг 2:0 ҳисобига мағлуб этди.
Опта статистикаларига кўра, англияликлар Европа терма жамоалари орасида ҳеч қандай очко йўқотмасдан ва гол ўтказмасдан саралашни якунлаган иккинчи жамоага айланди. Улар бунга 1954-йилги жаҳон чемпионати саралашида тўртта ўйин ўтказган Югославия терма жамоасидан кейин эришди.
Англия терма жамоасининг ушбу саралаш кампаниясидаги умумий тўплар фарқи 22:0 ни ташкил этди. "Уч шер" Албанияни 10 очкога ортда қолдирган ҳолда биринчи ўринни эгаллади.
2026-йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади ва июндан июлгача давом этади.