Ўзбекистон ЕОИТ транзит тизимига қўшилишга тайёрланмоқда

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ягона транзит тизимига қўшилиш бўйича ишларини бошлашга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда 13 ноябр куни ЕИКнинг божхона ҳамкорлиги бўйича вазири Руслан Давыдов ва Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Тизимга қўшилиш божхона жараёнларини соддалаштириш, транзит юк ва товарларни тезроқ етказиб беришни таъминлашга хизмат қилади. Учрашувда, шунингдек, товарлар ва транспорт воситалари ҳақидаги божхона маълумотлари алмашинуви масалалари муҳокама қилинди.
Бу ташқи савдо шаффофлигини ошириш ва назоратни кучайтириш имконини беради. Руслан Давыдов таргет-марказ ва электрон декларация маркази фаолияти билан танишди, назорат жараёнларига сунъий интеллект жорий этилиши ва инспекторлар ишини баҳолаш тизимини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, у ЕОИТ доирасида электрон навигация пломбаларидан фойдаланиш истиқболларини тилга олди ва уларни Тошкент—Санкт-Петербург йўналишида қўллаш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.