16:50 / 12.02.2023
670

Туркия ва Суриядаги зилзила: қурбонлар сони 29 мингдан ошган; қутқарувчилар ишини отишма тўхтатиб қўйган

Туркия ва Суриядаги зилзила: қурбонлар сони 29 мингдан ошган; қутқарувчилар ишини отишма тўхтатиб қўйган
Фото: EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 29 мингдан ошган. Омон қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда, аммо Туркияда ишлаётган немис ва австриялик қутқарувчилар фалокат ҳудудларидаги талончилик ва отишма туфайли ишни тўхтатишга мажбур бўлишган.

Туркияда зилзила қурбонлари сони 24 617 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа журналистларга маълум қилди.

Қўшни Сурияда эса, Al Jazeera маълумотига кўра, ҳозирча 4500 дан ортиқ кишининг жасади топилган. Al Hadath телеканали эса бу рақам 5200 дан ортиқлигини хабар қилган.

Шу тариқа, икки мамлакатда қурбонларнинг жами сони - камида 29 100 нафардан ошган.

Ахборот агентликлари хабар беришича, шанба куни, зилзиладан кейин беш кун ўтиб Ғозиантеп вилоятида харобалар остидан беш кишидан иборат оила чиқариб олинган: ота-она, икки қиз ва бир ўғил. Оила мўъжиза туфайли эпимарказдан узоқ бўлмаган жойда қулаб тушган уй остида омон қолган.

AP агентлиги ҳам шанба куни етти ёшли қиз қутқарилгани ҳақида хабар берди, у Ҳатай вилоятида зилзиладан кейин 132 соат давомида харобалар остида қолган.

Хавф остидаги қутқарувчилар

Айрим жойларда қутқарувчиларнинг ўзи ҳам хавф остида қолишган. Немисларнинг икки ташкилоти – Германия халқаро қидирув-қутқарув хизмати (ISAR) ҳамда Германия техник ёрдам федерал агентлиги (THW) - бошқа айрим гуруҳлар ортидан Туркия жанубидаги қутқарув амалиётларини тўхтатишган.

«Турли гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувлар ҳақида янгидан янги хабарлар келиб тушмоқда, ўқ овозлари ҳам эшитилган», - дея изоҳ берган ISAR вакили Штефан Ҳайне.

Ташкилотнинг операциялар бўйича менежери Стивен Байер Reuters агентлигига берган интервюсида шундай деган: «Кўриниб турибдики, қайғу ўз ўрнини аста-секинлик билан ғазабга бўшатиб бермоқда. Шу туфайли биз ҳозирча THW билан қўшма лагеримизда қоламиз».

ISAR ва THW баёнотида айтилишича, бу гуруҳлар туркларнинг Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларни бошқариш бошқармаси (AFAD) хавф ариганини билдирганидан кейингина ўз ишларини давом эттиради.

Байер шунингдек, харобалар остида ҳали омон қолганлар борлигини кўрсатувчи қандайдир белги пайдо бўлиши билан ҳар икки гуруҳ ҳам зудлик билан ёрдамга ошиқишини қўшимча қилган.

Президент Эрдўған ҳукумат талончилик ва бошқа жиноятларга алоқадор бўлганларга чоралар кўришини маълум қилди. Фото: Getty Images
Аввалроқ Австрия ҳарбийлари ҳам Туркиядаги қутқарув амалиётини тўхтатгани хабар қилинганди. Уларнинг вакили айрим жиноий гуруҳларнинг тўқнашувлари ва улар ўртасидаги отишмалар қутқарувчилар ўз ишини давом эттириши учун катта хавф туғдираётганини маълум қилганди.

Туркия ҳукумати тўқнашувлар ва отишмалар ҳақида хабар бермаган, аммо президент Ражаб Тоййиб Эрдўған шанба куни фалокатдан жабрланган ҳудудларда талончилик ҳолатлари учраётганини тан олган ва ҳукумат тегишли чоралар кўришига ишонтирган.

Сурияга ёрдам етишмаяпти

Суриядаги вазият ҳаддан ташқари оғирлигича қолмоқда.

БМТ Сурияга ёрдам етказиш тезлаштирилиши учун Туркия билан чегарада қўшимча назорат-ўтказиш пунктлари очилишига умид қилмоқда
BBC мухбири Лиз Дюсетнинг Сурияда табиий офатдан энг кўп жабр кўрган ва ёрдам етказиш мураккаб бўлган ҳудуд – исёнчилар назоратидаги Идлиб вилоятидаги вазият тўғрисидаги саволига жавобан БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс ташкилот Туркия чегарасида «қўшимча назорат-ўтказиш пунктлари очиш имкониятларини жуда фаол ва қатъий равишда кўриб чиқаётгани»ни маълум қилган.

«Биз Хавфсизлик Кенгашига резолюция киритмоқчимиз, агар кимдир вето қўймоқчи бўлса, қўяқолсин», – деган у. Россия ва Хитой аввал, зилзиладан олдинроқ, Туркия ва Идлиб ўртасида янги назорат-ўтказиш пунктлари очиш тўғрисидаги резолюцияни блоклашганди, чунки уларнинг иттифоқчиси, Сурия ҳукмдори Башар Асад бу Сурия суверенитети бузилиши бўлишини айтганди.

Шу билан бирга, Гриффитс Дамашқнинг ўз ҳудудидан Идлибга инсонпарварлик ёрдами ўтказиши тўғрисидаги баёнотини «жуда ва жуда конструктив» деб атаган.

«Уни сақлаб қолиш мумкин эди»
Квентин Соммервил, BBC’нинг Суриядаги мухбири

Абу Али қизининг жасадини харобар орасидан қуруқ қўл билан чиқариб олган
Харим шаҳри ташқарисида зайтунзорлар орасида Бсания қишлоғи бўлган. Бу ердаги уйлар яқинда қурилганди, аммо улар зилзилага бардош беролмади. Энди бу ерда ҳеч нарса қолмаган.

Бу ердаги одамлар ёрдам кутишди, аммо ёрдам жуда кеч келди ва етарли даражада бўлмади. Улар уйлар вайроналари остидан ҳалок бўлганлар ва яраланганларни қўлда қазиб олишига тўғри келган. Мен бу ерда Абу Алини учратдим.

«Бизга ҳеч ким ёрдам бермади, менда ҳатто палатка йўқ. Сенда палатка борми?» – дея сўрайди у мендан.

Унинг қизи зилзиладан кейинги кун давомида тирик бўлган. Аммо улар унинг олдига вақтида етиб бора олишмаган. У қизининг жасадини қуруқ қўл билан қазиб олган, унга фақат қўшнилари ёрдам берган. Қизни қутқариш мумкин эди - агар уларда зарур техник воситалар бўлганида.

Омон қолганларни қидириш яна қанча давом этади?

Туркиянинг Қаҳарамонмараш вилоятига келган БМТ вакили Мартин Гриффитс журналистларга табиий офат кўлами ва унга нисбатан кўрилган чоралар – бемисл эканини айтди.

«Бу ерда душанба куни содир бўлган ҳодиса... бу минтақада сўнгги юз йилликдаги энг даҳшатли воқеа бўлди», – деган у.

«Бу жуда мураккаб савол, аммо ҳозирда энг муҳими қутқарув амалиётларини қачон тўхтатиш кераклигини ҳал қилиш», – дея қўшимча қилган у афсус билан бош чайқаб.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркия ва Суриядаги зилзила: қурбонлар сони 29 мингдан ошган; қутқарувчилар ишини отишма тўхтатиб қўйган