Роналду ва Трампнинг Оқ уйдаги учрашуви барчанинг эътиборини тортди

Португалия термаси ва «Ал Насср» клубининг ёрқин ҳужумчиси Криштиану Роналду АҚШ президенти Дональд Трамп билан Оқ уйда учрашди. Мазкур воқеа жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотди, Оқ уй матбуот хизмати эса бу учрашувни қисқа, аммо диққатни ўзига тортувчи изоҳ билан ёритди:
«Икки GOAT. CR7 х 45/47», — дея видеога изоҳ қолдирилди. Мазкур жумлада ҳам спорт, ҳам сиёсатда ўзига хос рамзий “энг зўрлар учрашуви” назарда тутилгани кузатилди.
Эслатиб ўтамиз, Роналду Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга амалий ташрифи муносабати билан Оқ уйда ўтказилган тантанали кечки зиёфатнинг энг нуфузли махсус меҳмонларидан бири сифатида таклиф этилган.
Қироллик клуби таркибида 2023 йилдан буён тўп суриб келаётган Криштиану бугунги кунда 40 ёшда бўлишига қарамай, юқори даражадаги ўйини ва машҳурлик нуфузини сақлаб қолмоқда. Унинг Оқ уйдаги ушбу учрашуви ҳам футбол мухлислари, ҳам сиёсий таҳлилчилар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мухлислар орасида эса бир фикр яққол сезилди: дунёдаги икки энг шов-шувли шахснинг бир кадрда пайдо бўлиши — 2025 йилнинг ўзига хос тарихий лавҳаси бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!