
Дунё мамлакатлари орасида қорамол, чўчқа, товуқ ва қўй гўшти истеъмоли қай даражада экани «Visual Capitalist»нинг янги таҳлилида ёритилди. Унга кўра, қорамол гўштини истеъмол қилишда мутлақ етакчилик Аргентинага тегишли — ҳар бир фуқаро йилига ўртача 46 кг мол гўштини тановул қилади. Африкада эса Зимбабве 44,4 кг билан юқори ўринда туради, АҚШ (38 кг), Исроил (36,1 кг) ва Бразилия (34,6 кг) бешликни якунлайди.
Аргентинада бундай кўрсаткич миллий анъанага айланган асадо таоми билан изоҳланса, Зимбабведа чорвачилик асосий озиқ манбаи ҳисобланади.
Чўчқа гўшти истеъмолининг энг юқори даражаси Хорватияда — 57,4 кг. Ундан кейин Испания, Черногория, Гонконг ва Польша келади. Бу давлатларда чўчқа гўшти кўплаб маҳаллий таомларнинг асосий қисми бўлиб, кундалик рационинг ажралмас қисмига айланган.
Товуқ гўштини истеъмол қилиш бўйича эса Сент-Винсент ва Гренадинлар мутлақ етакчи: йилига 94,1 кг. Шунингдек, Тонга, Маршалл ороллари, Самоа ва Исроил ҳам юқори кўрсаткичларга эга. Орол мамлакатларида ер ресурсларининг чеклангани туфайли товуқчилик арзон ва осон етиштириладиган озиқ манбаи сифатида ривожланган.
Қўй ва эчки гўшти истеъмоли бўйича энг юқори кўрсаткич Монголияда — 68,5 кг. Кейинги ўринларда Баҳрайн, Янги Каледония, Туркманистон ва Чад жойлашган. Мутахассислар бундай кўрсаткични мамлакатнинг кўчманчи турмуш тарзи ва чорвачиликка таянган анъанавий овқатланиши билан изоҳлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.