
Саудия Арабистони 2026 йил январидан бошлаб ўзининг кўчмас мулк бозорини бутунлай қайта очишга тайёрланмоқда. Янги тартибга кўра, энди чет эл фуқаролари мамлакат ҳудудида турли хил мулк турларини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу рўйхатга уй-жойлар, тижорий бинолар, фермер хўжаликлари, саноат майдонлари ва ҳатто ер участкалари ҳам киради.
Энг эътиборли жиҳати – Масжидул ҳаром ва Масжидун набавий жойлашган Макка ва Мадинада ҳам мулк харидига рухсат берилиши. Бироқ бу икки муқаддас шаҳарда мулк сотиб олиш имконияти фақат мусулмон харидорлар учун очиқ бўлади.
Саудия расмийларининг таъкидлашича, мазкур ислоҳотлар мамлакатга халқаро сармояни жалб қилиш, иқтисодий диверсификацияни кучайтириш ва туризм салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган. Мутахассислар фикрича, янги қонун нафақат хорижлик инвесторлар учун катта имконият очади, балки мамлакат иқтисодиётида янги босқични бошлаб бериши мумкин.
Шу билан бирга, мусулмон жамоаси учун Макка ва Мадинада мулкка эгалик қилиш эҳтимоли алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Чунки бу ҳар йили ҳаж ва умра учун келадиган минг-минглаб зиёратчилар учун қулай инфратузилмада яшаш имконини кенгайтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.