6 февралда эпицентри Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида бўлган ҳалокатли зилзиладан кейин ҳам кўплаб ер силкиниши кузатилган. Туркия Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва олдини олиш бошқармаси (AFAD) раҳбари Юнус Сезер сўзларига кўра, ер силкинишлари сони 22,5 мингга етади.
Қайд қилинишича, Қаҳрамонмарашдаги зилзила 1668 йилда Шимолий Анадолу ва 1939 йилда Эрзинжонда содир бўлган шунга ўхшаш ҳодисалардан кейин учинчи йирик табиий офат ҳисобланади.
AFAD раҳбари зилзилалар минтақада яшовчи 15 миллионга яқин фуқарога бевосита таъсир кўрсатганини таъкидлади.
«7,7 магнитудали биринчи зилзила давомийлиги 65 сония, 7,6 магнитудали иккинчи зилзиланики эса 45 сонияни ташкил этди. Айни дамда 22,5 мингга яқин ер силкиниши қайд этилган. Бу кўрсаткич AFAD томонидан йил давомида қайд этилган ўртача зилзилалар сонига тенг. 5 дан 6 баллгача бўлган силкинишлар сони 47 тани ташкил этди. Иккала зилзила оқибатида ер устида 400 км узунликда ёриқлар пайдо бўлди, ер қобиғида 7,5 метргача силжиш ҳосил бўлди», деди Сезер.
Унинг сўзларига кўра, Қаҳрамонмарашдаги зилзила оқибатида 56 426 та бино вайрон бўлган ёки зудлик билан бузилади, 206 452 та бино жиддий, 48 984 таси ўрта ва 516 352 таси енгил зарар кўрган.
Сезер, қидирув-қутқарув ишлари ортидан биринчи босқичда минтақага 160 минг чодир юборилганини қайд этди. Айни пайтда 610 мингга яқин чодир ўрнатилган, 289 та майдончага 45 минг контейнер жойлаштирилган.
Биринчи босқичда зилзиладан жабр кўрган 2 миллион 800 минг киши бошпаналарга жойлаштирилган, ҳозирда 2,5 миллион киши. Яна 800 минг жабрланганлар минтақадан ташқарида жойлаштирилди, деди Сезер.
6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита ҳалокатли зилзила содир бўлди. Унда қурбон бўлганлар сони 50 мингдан ошди.
Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Кипр, Греция ва Ироқда ҳам сезилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!