Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон “спорт орқали обрўни ювиш” деб аталаётган айбловларга жавоб берди. Инглиз тилидаги “sportswashing” атамаси мамлакат ёки компания спорт ютуқлари орқали ўзининг путур етган обрўсини кўтаришга ҳаракат қилганда қўлланади. Футболга катта миқдорда сармоя киритаётган Саудия Арабистони ҳукумати охирги вақтларда ҳуқуқ фаоллари томонидан айнан шу нарсада айбланмоқда.
“Агар спорт орқали обрўни ювиш менинг мамлакатим ялпи ички маҳсулотини 1 фоизга оширса, биз буни қилишда давом этамиз. Мен айбловларга аҳамият бермайман. Спорт туфайли ЯИМ ўсиши 1 фоизни ташкил этди, уни 1,5 фоизга оширишни мақсад қилганман. Хоҳлаганингизча талқин қилинг, лекин биз 1,5 фоиз ўсишга эришамиз”, деган Муҳаммад бин Салмон Fox News телеканалига берган интервюсида.
Спортга катта миқдорда инвестициялар
Саудия Арабистони иқтисодиётини диверсификация қилиш мақсадида 2017 йилдан бошлаб спортга катта миқдорда сармоя кирита бошлади. Давлат инвестиция жамғармаси ўтган йили Англиянинг “Нюкасл Юнайтед” футбол клубини сотиб олди ва Live Golf'ни ишга туширди. Лойиҳалар мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга мўлжаллангани алоҳида таъкидланиб келинади ва бу “Vision 2030” стратегиясининг асосий қисми экани айтилади.
Подшоҳлик суверен жамғармасининг активлари 620 миллиард долларга баҳоланган. Футболга сарфланаётган маблағлар ҳозирда мазкур жамғарма ҳисобидан амалга оширилади. Хусусан, мамлакатнинг тўртта топ-клуби – “Ал-Аҳли”, “Ал-Ҳилол”, “Ал-Иттиҳод” ва “Ал-Наср” устидан назоратни ҳам бин Солмон ўз қўлига олган.
Саудия Арабистони декабр ойида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бу мамлакатда ўтказиладиган FIFA'нинг биринчи йирик турнири ҳисобланади. Шунингдек, 2030 йилги жаҳон чемпионатини Греция ва Миср билан биргаликда ўтказишга жиддий киришган. Бунинг учун саудияликлар, ҳатто Греция ва Мисрдаги футбол стадионлари қурилишини ҳам молиялаштиришга тайёр. Бунинг эвазига улар жаҳон чемпионати ўйинларининг 75 фоизини ўзида ўтказишни истамоқда. Қироллик футбол федерацияси Осиё Кубоги-2027 учун учта янги стадион қурилишини эълон қилди.
Январ ойида “Ан-Наср”нинг Криштиану Роналду билан шартнома имзолаши эса мамлакат Про-лигасига қизиқишни кучайтирди. Ёзги трансферлар мавсумида ҳам бир қатор футбол юлдузлари билан келишувга эришилди. Ҳаммаси бўлиб Саудия клублари ёзги трансферлари учун 954,3 миллион евро сарфлаган.
Бундан ташқари, охирги йиллари подшоҳликда бокс ва ММА бўйича бир қатор шов-шувли чемпионлик жанглари ҳам ўтказилиб келинмоқда.
Муҳаммад бин Салмон нимада айбланмоқда?
2018 йил октябр ойида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида саудиялик таниқли журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилганди. Бу операция қиролликнинг де-факто ҳукмдори бўлган шаҳзода Муҳаммад бин Салмон буйруғи асосида ташкил этилгани ҳақида таҳминлар пайдо бўлди. Қошиқчи кўп йиллар давомида унинг сиёсатини танқид қилиб келган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг иддао қилишича, спорт орқали Саудия ҳукумати ўзининг обрў-эътиборини тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари ,валиаҳд шаҳзоданинг Яманда уруш бошлаш тўғрисидаги қарори ва Қатарга киритган эмбаргоси ҳам унга нисбатан халқаро майдонда танқидлар пайдо бўлишига таъсир ўтказган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!