Суперлиганинг 21-турида “Пахтакор” ўз майдонида “Нефтчи”ни қабул қилиб, драматик баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Тожиев дастлаб жамоанинг баҳсга тайёргарлиги ҳақида тўхталиб ўтди:
— Ўйинни яхши бошладик. Четлатишдан сўнг ҳимояга ўтишга мажбур бўлдик, аммо шунда ҳам гол уришга муваффақ бўлдик. Иккинчи бўлимда эса ҳимояга кўпроқ эътибор қаратдик ва беш нафар ҳимоячи услубига ўтдик. Йигитларга раҳмат, улар майдонда бор кучини берди.
Бош мураббийга кўра, бугунги зафарнинг асосий сабаби — жамоанинг мақсадга интилиши:
— Йигитлар ҳар бир очконинг нақадар муҳимлигини тушуниб туришибди. Биринчи даврада кўп очколар йўқотдик, энди хато қилишга йўл қўймаслигимиз керак. Бугунги баҳсда ҳимояда ишончли ҳаракат қилдик ва “Нефтчи”га деярли имконият қолдирмадик.
Тожиев терма жамоадан қайтган футболчиларнинг ҳолати ҳақида ҳам гапирди:
— 15 нафар футболчимиз турли терма жамоалар сафида тўп сурди. Ёшларимиз U23 саралашида, икки футболчимиз эса Ироқ терма жамоасига чақирилди. Жароҳатлар ҳақида хавотир бор эди, аммо йигитлар тўлиқ куч билан сафга қўшилишди. Чарчоқ сезилмади, чунки “Пахтакор” учун майдонга чиққанда улар ҳар доим борини беришади.
Жамоанинг ҳужумкор услуби ҳақида тўхталар экан, Тожиев қуйидагиларни қайд этди:
— Биз фақат ғалаба ҳақида ўйлаймиз. 5-6та гол уришни мақсад қилмаймиз. Айрим баҳсларда имкониятлардан унумли фойдаланиб, йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Аммо асосий мақсад — фақат зафар.
“Насаф” билан фарқ 7 очко бўлишига қарамай, Тожиев чемпионлик учун охиригача курашишга ваъда берди:
— Олдинда ҳали 9та тур бор. Ҳар бир баҳсда ғалаба учун майдонга чиқамиз. Чемпионлик учун охиригача курашамиз.
Шунингдек, у стадион масаласига ҳам тўхталиб, жамоа яна бир ойдан кейин ўз аренасига қайтиши мумкинлигини маълум қилди.
Диёр Холматов ҳақида эса шундай деди:
— Унга етарли ўйин вақти бераяпмиз. Машғулотларда ҳам жиддий муаммо кўрмаяпмиз. У кўпроқ ўйнаши ва тажриба тўплаши керак.
Шундай қилиб, “Пахтакор” қийинчиликларга қарамай, ҳар бир учрашувга максимал куч билан ёндашмоқда. Жамоа ва мураббий чемпионлик учун охиригача курашишга бел боғлаган.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!