Арманистон Зангезур йўлагини очмас экан, Озарбайжон қўшни мамлакат учун бошқа ҳудудларда чегарасини очмайди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида гапирди.
«Мен эслаб ўтган йўналиш (Зангезур йўлаги назарда тутилмоқда – таҳр.) очилмас экан, бизнинг бошқа ҳудудларда Арманистон билан чегарани очиш ниятимиз йўқ. Яъни бу ҳолатда улар фойдадан кўра кўпроқ зарар кўради», – деди И.Алиев.
Озарбайжон етакчиси чегара очилмаслиги Арманистонинг боши берк кўчада қолишини англатишини таъкидлаган. У, айни чоқда, Озарбайжон томонига чегара орқали одамлар ва юклар текширувсиз ўтиши кераклигини урғулаган.
2020 йили 44 кунлик урушда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ўзига тегишли бўлган ҳудудларни оккупациядан озод қилган Озарбайжон Арманистондан Зангезур йўлагини очишни талаб қилиб келмоқда.
Президент Илҳом Алиев 2022 йил ноябрь ойида Самарқандда ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Зангезур йўлагининг очилиши минтақанинг барча мамлакатларига наф келтиришини айтган эди.
Экспертларга кўра, Нахичеван мухтор республикаси ва Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари ўртасидаги мазкур йўлак нафақат ҳудуднинг, балки бутун минтақанинг муҳим транспорт йўлаги бўла олади. Ундан Россия, Эрон, Туркия ва бошқа қатор давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам манфаатдор.
Зангезур коридори Осиёдан Европага энг қисқа қуруқлик йўлини таъминлаши билан аҳамиятлидир. У очилгач, Қорабоғ ГЭСларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини Туркия ва Эронга экспорт қилиш имкони ҳам туғилади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг