date

Қуёш фаоллиги кескин пасайди

Қуёш фаоллиги кескин пасайди

30 октябрь куни Қуёш астрономияси лабораторияси жуда кам учрайдиган ҳолатни қайд этди. Кучли портлашлар билан фаол бўлган Қуёш бу сафар мутлақ сокинликка тушди. Илк бор бу йил фаоллик индекси ноль даражага тенглашди, деб хабар берди мутахассислар.

Олимлар маълум қилишича, 48 соат ичида Қуёшнинг Ерга қараган қисмида бирорта ҳам портлаш ёки нурланиш ҳолати кузатилмаган. Тескари томонда содир бўлган ҳодисалар эса ҳисобга олинмаган, чунки уларни аниқ ўлчаш имкони йўқ. Бу астрономлар фикрича, Қуёш фаоллигидаги ноодатий тинчлик ҳолати ҳисобланади.

Мутахассислар таъкидлашича, бу йил Қуёшдаги фаоллик турғун эмас, аксинча, кескин ўзгарувчан бўлди. Бир неча кун давом этган портлашлардан кейин баъзан узоқ даврли “сокин фазалар” бошланмоқда. Бу эса Қуёш циклининг табиий, бироқ ўта ноаниқ жараёнларидан бири ҳисобланади.

Қайд этилишича, охирги марта портлаш фаоллиги индекси 2024 йил апрель ойида ноль даражага тушган. Бироқ шундан кўп ўтмай, май ойида сўнгги 20 йилдаги энг кучли Қуёш портлашларидан бири қайд этилган ва бу Ерда бешинчи даражали магнит бўронларига сабаб бўлган.

Астрономлар ҳозирги ҳолатни вақтинчалик деб баҳоламоқда. Уларга кўра, яқин кунларда Қуёшнинг тескари томонидаги янги фаол ҳудудлар Ерга қараб чиқиши мумкин ва фаоллик яна ошиши кутилмоқда.

Қисқаси, табиатнинг юраги бўлган Қуёш бир неча кунга тўхтаган каби кўринса-да, олимлар бу “сокинлик олдидаги бўрон” бўлиши эҳтимолини инкор этмаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қуёш фаоллиги кескин пасайди