28
Германиялик олимлар антибиотиклар самарадорлиги кескин пасайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди
Фото: Pixabay
Германиянинг Паул Эрлих номидаги юқумли касалликларни даволаш жамияти (Paul-Ehrlich-Gesellschaft für Infektionstherapie) президенти Матиас Плец антибиотикларнинг самарадорлиги тобора кўпроқ хавф остида қолаётгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Bild хабар бермоқда.
“Замонавий тиббиёт ютуқларидан айрилиб, пенициллин кашф этилишидан аввалги даврга қайтяпмиз”, — деди Плец.
Bild нашри пенициллин кашф этилиши билан инсонларнинг умр кўриш давомийлиги ошганини таъкидлади. Биринчи кашф этилган антибиотик туфайли одамлар пенициллин кашф этилишидан олдинги даврга нисбатан 30 йил кўпроқ умр кўра бошлаган.
Нима учун микробларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошяпти?
Лейбниц институти микробиологи Ивонн Маст Плецнинг фикрига қўшилади. Унинг аниқлик киритишича, тобора кўпроқ бактериялар антибиотикларга чидамли бўлиб бормоқда, янги дорилар эса у қадар кўп эмас.
Мақолада келтирилган янги тадқиқот маълумотларига кўра 2050 йилга келиб, антибиотикларга чидамли инфекциялар туфайли 39 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин. Нашрнинг қўшимча қилишича, биргина Европа Иттифоқида шу сабабдан йилига 35 мингга яқин одам вафот этади.
Йена университети шифохонасининг реаниматологи Франк М. Брункҳорст Bild нашри билан суҳбатда микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилиги камида иккита сабаб билан ривожланаётганини маълум қилди. Биринчидан, касалликларни даволаш учун жуда кўп антибиотиклар буюрилади. Иккинчидан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар олиб ташлангач, хорижга саёҳатлар кескин ошди. Баъзи мамлакатларда бактерияларнинг антибиотикларга чидамлилик даражаси анча юқори. Мисол тариқасида реаниматолог Греция, Португалия, Туркия, Ҳиндистон ва баъзи Осиё мамлакатларини тилга олди.
Франк М. Брункҳорст одамларни огоҳлантириш зарурлигини таъкидлади: улар таътилдан қайтгач, антибиотикларга чидамли микробни олиб келиши ва кекса қариндошларига юқтириши мумкин, бу эса уларнинг ҳаёти учун хавф туғдиради.
Нафас йўлларига оид деярли барча касалликларни даволашда антибиотиклар буюриш шарт эмас, чунки уларни кўпинча бактериялар эмас, балки вируслар келтириб чиқаради ва бундай дорилар вирусларга қарши самарасиз ҳисобланади, деб эслатди Bild. Нашр, шунингдек, циститни даволашда аксарият ҳолларда антибиотиклар буюрилишини таъкидлади.
Янги антибиотиклар “тақчиллиги”нинг сабаби
Ивонн Маст янги дориларни яратиш узоқ ва қиммат жараён эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, 5 мингта таъсир қилувчи моддадан фақат биттаси бозорга чиқиши мумкин. Янги препаратни ишлаб чиқиш 8 йилдан 15 йилгача вақт олади, унга сарфланадиган харажатлар эса 100 миллион евродан 2 миллиард еврогача бўлиши мумкин. Шу сабабли саноатчилар антибиотикларни тадқиқ қилиш ва яратиш бўйича дастурларда иштирок этишдан кўпинча бош тортади — антибиотикларга бошқа дориларга қараганда инвестиция камроқ, дейди Ивонн Маст Германиядаги вазиятга изоҳ бериб. Унинг таъкидлашича, баъзи мамлакатларда, масалан, Хитойда дори-дармон ишлаб чиқаришга кўпроқ маблағ сарфланади.
Франк М. Брункҳорст ҳозирги кунда Европада антибиотиклар ишлаб чиқарилмаслигини, улар Ҳиндистон ёки Хитойдан олиб келинишини таъкидлади.
Bild қайд этишича, Германия Соғлиқни сақлаш федерал вазирлиги Матиас Плецнинг баёнотига изоҳ бермаган. Бироқ вазирлик дори-дармонлар тақчиллигига қарши курашишга қаратилган қонун туфайли вазият яхшиланганини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, Bild билан суҳбатлашган Германия христиан-демократик иттифоқи партияси аъзоси Тино Зорге фармацевтика компанияларининг тадқиқот харажатларини қоплашни оширишга чақирди. Сиёсатчининг фикрича, янги антибиотикларни яратиш ишлаб чиқарувчилар учун зарар келтирмаслиги керак.
Lancet журналида сентябр ойида дориларга чидамли микроблар сабаб келиб чиқадиган ўлимлар прогнози чоп этилганди. Унда Лотин Америкаси, Кариб ҳавзаси мамлакатлари ва Жанубий Осиё каби ҳудудларда хавф даражаси энг юқори, дея башорат қилинган.
Илмий тадқиқот муаллифларининг аниқлик киритишича, 2021 йилда шу каби микроблардан бевосита 1 миллиондан ошган, жами 5 миллионга яқин ўлим эса у ёки бу тарзда уларга боғлиқ бўлган.
Мутахассислар 1990 йилдан 2021 йилгача бўлган даврни ўрганиб, шу вақт ичида беш ёшгача бўлган болалар ўртасида дориларга чидамли бактериялардан ўлим пасайганини, аммо 70 ёшдан ошган одамлар орасида кўпайганини аниқлади.
Бунга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2050 йилга келиб антибиотикларга чидамли микроблар сабаб ўлим ҳолатлари сони йилига 10 миллион кишигача етиши мумкинлигини маълум қилганди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди