
Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона — Ciel Dubai Marina ўз эшикларини очди. Меҳмонхонада дастлабки меҳмонлар жойлашишни бошлади.
Бинонинг баландлиги 377 метрни ташкил этади ва у илгари дунёдаги энг баланд меҳмонхона ҳисобланган 356 метрлик Gevora Hotel'ни ортда қолдирди. Меҳмонхонада 82 қават ва 1 004 та хона мавжуд.
Шунингдек, бу ерда дунёдаги энг баланд инфинитий услубидаги ҳавза — Tattu Sky Pool жойлашган бўлиб, у 76-қаватда, 310 метр баландликда жойлашган. Ушбу ҳавза Tattu Dubai ресторанига тегишли бўлиб, ресторан 10 октябр куни 74-қаватда очилган.
Меҳмонхонанинг 81-қаватида Tattu Sky Lounge & Terrace жойлашган бўлиб, у Дубайнинг панорамали манзарасини тақдим этади. Ciel Dubai Marina меҳмонхонаси The First Group Hospitality томонидан бошқарилади ва IHG Hotels & Resorts компаниясининг Vignette Collection бренди остида фаолият юритади.
Меҳмонхонада бир нечта ресторанлар мавжуд: West 13 — Ўрта ер денгизи таомлари, East 14 — Осиё таомлари, шунингдек, Risen Cafe & Artisanal Bakery. 61-қаватда спа маркази ва 24 соат ишлайдиган спорт зал жойлашган.
Меҳмонхона меҳмонлари Palm Jumeirah'даги Soluna Beach Club пляж клубидан бепул фойдаланишлари мумкин. Лойиҳа қиймати қарийб 544 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Янги меҳмонхона Дубайнинг осмон чизиғини бойитди, бу ерда аллақачон дунёдаги энг баланд ўнта меҳмонхонадан саккизтаси жойлашган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.