
Эрон ядровий дастурини чеклаш эвазига АҚШдан бир қатор шартларни талаб қилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal манбалари хабар берди. Музокаралар 12 апрель куни Уммонда билвосита тарзда ўтказилган.
Эрон қандай шартлар қўйган?
Мазкур музокараларда Эрон томонидан қўйилган асосий талаблар:
- АҚШ Эроннинг атом энергетикасини қамраб олган санкцияларни юмшатиши керак;
- Хориждаги миллиардлаб долларлик музлатилган активларни блокдан чиқариши керак;
- Эрон нефтини сотиб олаётган Хитой компанияларига босим тўхтатилиши талаб қилинган.
Эрон нима беради?
Бундай “имтиёзлар” эвазига Эрон:
2015 йилги ядровий келишув доирасида белгиланган уран бойитиш даражасига қайтишга тайёр эканини билдирган.
Маълумки, бу келишувни Дональд Трамп ўз президентлик даврида бекор қилган эди.
Вашингтон шубҳа билан қарамоқда
The Wall Street Journal ёзишича:
- Эрон қўшимча мажбуриятлар олмас экан, АҚШ санкцияларни енгиллатишга рози бўлиши қийин.
- Трамп маъмурияти Теҳроннинг уранни бойитиш ҳуқуқини сақлаб қолишига қарши.
АҚШ максимал талаблар қўймадими?
Ҳисоботда таъкидланишича, бу сафар Вашингтон томони максималистик талаблар билан чиқмаган. Трамп маъмурияти асосий эътиборни:
“Эрон қўлидаги мавжуд материални қурол сифатида ишлатмаслигига қаратиш” билан чеклаган.
Ҳар икки томон музокарадан умидвор
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий мулоқотни:
“Конструктив ва ўзаро ҳурмат билан олиб борилди”, деб баҳолаган.
“Менимча, биз музокаралар учун асос яратишга яқин турибмиз. Агар кейинги ҳафтада буни расман шакллантиришга муваффақ бўлсак, реал музокаралар бошланади,” — деди у.
Оқ уй ҳам музокараларни “ижобий ва конструктив”, деб баҳолаган. Шунга қарамай:
“Натижа бўлмагунча, ҳеч нарса муҳим эмас,” — деган Дональд Трамп.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!