
Tesla раҳбари Илон Маск компаниядан кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди. Кенгаш раиси Робйн Денҳолмнинг айтишича, агар Маск учун мўлжалланган 1 триллион долларлик мукофот режаси тасдиқланмаса, у Tesla'ни бошқаришни тўхтатиши эҳтимоли бор.
Мазкур масала 6-ноябрда бўлиб ўтадиган йиллик акциядорлар йиғилишида кўриб чиқилади. Tesla кенгаши сўнгги йилларда Маскга ҳаддан ташқари ён босгани учун танқид қилинмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, кенгаш унинг таъсири остида бўлиб, мустақил қарор қабул қила олмаяпти.
Денҳолмнинг сўзларига кўра, бу мукофот режаси Маскни узоқ муддат компанияда ушлаб туриш ва уни янги ютуқларга ундаш учун ишлаб чиқилган. У Маскнинг Tesla муваффақиятидаги ўрни беқиёслигини таъкидлади ва агар у етакчиликни тарк этса, компания катта йўқотишларга дуч келишини айтди.
Режага кўра, Маск 12 босқичли акциялар тўпламини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу мукофот компания қийматини 8,5 триллион долларга етказиш ҳамда сунъий интеллект ва робототехника соҳасида муҳим натижаларга эришишга боғлиқ бўлади. Tesla кенгаши бу режа Маскни рағбатлантириш ва акциядорлар манфаатини ҳимоя қилиш учун зарур, деб ҳисоблайди.