
Ҳиндистоннинг Мадҳя-Прадеш штатида Дивали байрамидан кейин фожиали хабарлар келмоқда. Байрам чоғида ноқонуний портловчи ўйинчоқлардан фойдаланиш натижасида 14 нафар бола кўриш қобилиятидан маҳрум бўлди, деб ёзмоқда маҳаллий ОАВ.
Маълумотларга кўра, фақат Бҳопал ва Видиша туманларидагина 120 дан ортиқ бола турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар уларнинг бир қисмида кўз шикастланиши қайд этилганини, 14 нафар болада эса кўришни тиклашнинг имкони йўқлигини маълум қилган.
Ҳодисага “карбид қурол” деб аталувчи уй шароитида тайёрланган портловчи қуроллар сабаб бўлган. Бу қурилма кальций карбид ва сув аралашмасидан ҳосил бўлган газ ёрдамида портлайди. Портлаш пайтида учган металл ёки пластик бўлаклар болаларнинг кўзи ва юзига оғир шикаст етказган.
Ҳиндистон расмийлари бу турдаги қурилмаларни сотиш аввалдан тақиқланганини эслатди. Бироқ айрим бозорларда улар яширинча савдо қилингани аниқланган. Полиция бир нечта сотувчини ушлаган, аммо аҳоли ҳукуматдан қаттиқроқ назорат ва жабрланганларга компенсация талаб қилмоқда.
Мутахассислар эса байрам пайтида сертификатланган, хавфсиз пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳамда болаларни бундай хавфли ўйинлардан узоқроқ тутиш зарурлигини яна бир бор таъкидламоқда.