
Камерунда 92 ёшли амалдагӣ давлат раҳбари Пол Бийя яна президент этиб сайланди. Бу ҳақда мамлакатнинг Конституциявий Кенгаши расман маълум қилди. Расмий натижаларга кўра, у сайловда 53,66 фоиз овоз тўплаб, навбатдаги президентлик муддатига эга бўлди.
Пол Бийя илк бор 1982 йилда ҳокимият тепасига келган бўлиб, шундан бери мамлакатни узлуксиз равишда бошқариб келмоқда. Янги сайлов натижалари унинг ҳокимиятдаги 43 йиллик фаолиятини яна бир муддатга узайтирди.
Шу билан бирга, асосий мухолифат номзоди Исса Чирома Бакаийри натижаларни рад этди. У ўз ҳисоб-китобларига кўра, ғолиб эканини билдириб, ҳукуматни овоз бериш натижаларини сохталаштиришда айблади. Натижалар эълон қилингач, пойтахт Яунде ва бир нечта йирик шаҳарларда норозилик намойишлари бошланди. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, айрим жойларда полиция ва фуқаролар ўртасида тўқнашувлар бўлган, бир нечта киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар эса ҳибсга олинган.
Халқаро кузатувчилар ҳам сайлов жараёнида бир қанча камчиликларни қайд этган. Хусусан, бюллетенларни санаш пайтида шаффофлик етишмагани ва давлат ресурсларининг амалдаги президент фойдасига ишлатилгани ҳақида хабар берилган.
Пол Бийя ҳозирги кунда дунёдаги энг узоқ вақт ҳокимиятда қолган етакчилардан бири сифатида тилга олинади. Унинг бошқарув даврида мамлакатда нисбатан сиёсий барқарорлик сақланиб келаётган бўлса-да, ёш авлод ва фуқаролик жамияти вакиллари ислоҳотлар, эркин сайловлар ва сиёсий янгиланишни талаб қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, мамлакатнинг келгуси сиёсий йўналиши айнан Бийянинг соғлиги ва унинг ҳокимиятни кимга топшириши билан боғлиқ бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.