date

10 ёшли бола тўрт ойдан бери аэропортда яшамоқда (фото)

10 ёшли бола тўрт ойдан бери аэропортда яшамоқда (фото)

Малидан келган эркак ва унинг ўн ёшли ўғли тўрт ойдан бери Жанубий Кореянинг Инчхон халқаро аэропортидаги изоляцияланган ҳудудда яшашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда The Korea Herald нашри хабар берди.

Duroo юридик ташкилоти ва Корея қочқинлар ҳуқуқлари тармоғи маълумотларига кўра, уларнинг бошпана сўраб берган аризаси мамлакат иммиграция хизмати томонидан рад этилган.

Маълум бўлишича, бола ва унинг отаси июнь ойида Малида кучайган тазйиқлардан қочиб Жанубий Кореяга келган. Бироқ расмийлар уларнинг ишини “кўриб чиқишга арзимайдиган” деб топиб, бошпана сўровини қабул қилмаган. Бу қарор иммиграция қонунчилигидаги махсус ҳуқуқий механизм орқали чиқарилган бўлиб, у аризани тўлиқ кўриб чиқишсиз рад этиш имконини беради.

Рад жавобидан сўнг оила ватанга қайтишни рад этган ва апелляция бериш ниятида аэропортда қолган. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълум қилишича, улар қуёш нуридан, нормал тиббий ёрдамдан ҳамда оддий турмуш шароитларидан маҳрум ҳолда яшашга мажбур. Нодавлат ташкилотлар уларни кийим-кечак ва гигиена воситалари билан таъминламоқда, тиббий ёрдам эса фақат аэропорт клиникасида кўрсатилади.

Октябрь ойида оиланинг ҳуқуқий вакиллари Жанубий Корея Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссиясига мурожаат қилиб, вояга етмаган бола узоқ муддат давомида ноқонуний ҳибсда сақланаётгани, таълим ва нормал ҳаёт шароитларидан маҳрум эканини таъкидлаб чиқишди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 10 ёшли бола тўрт ойдан бери аэропортда яшамоқда (фото)