
Лондон университет коллежи (UCL) олимлари Ернинг глобал ҳароратини пасайтириш учун мавжуд бўлган оддий самолётлардан фойдаланиш имконияти мавжудлигини аниқлашди. Бу ҳақдаги янги илмий тадқиқот натижалари Earth илмий журналида эълон қилинди.
Аввалроқ Ер сайёрасини сунъий совитиш учун махсус аэрозол заррачаларини атмосферага қўшиш таклиф қилинган эди. Бундай заррачалар Қуёш нурини қайтариб, сайёранинг ўртача ҳароратини пасайтиришга хизмат қилади. Аммо олдинги ҳисоб-китобларга кўра, ушбу зарраларни экватор атрофидаги минтақаларда 20 километргача юқори баландликка сочиш талаб этилиб, бу учун махсус самолётларни ишлаб чиқариш лозим бўлар эди.
UCL олимларининг янги тадқиқотида эса аэрозол зарраларни Ернинг қутб ҳудудларига яқин минтақаларда, масалан, Норвегия ёки Аляска осмонида 13 километр баландликка сочиш ҳам самара бериши мумкинлиги аниқланди. Бу эса мавжуд Boeing 777F юк ташувчи самолётлардан фойдаланиш имконини очади.
Шу билан бирга, янги усулнинг баъзи камчиликлари ҳам бор. Заррачаларни нисбатан паст баландликка сочиш, юқори баландликка сочилгандан кўра камроқ самаралидир. Шунинг учун кутилган натижани олиш учун ушбу моддалардан уч баробар кўпроқ миқдорда фойдаланишга тўғри келади. Бу эса атмосферада кислотали ёмғирлар каби нохуш экологик оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, бу усул тропик минтақалардаги иссиқликни самарали пасайтирмайди — айнан ушбу ҳудудларда иқлим ўзгариши энг кучли таъсир кўрсатади.
Шунингга қарамасдан, олимлар иқлим ўзгаришига қарши курашдаги барча имкониятларни синчковлик билан ўрганмоқда. Мавжуд самолётлардан фойдаланиш янги техника ишлаб чиқаришга қараганда анча осон ва арзон тушади.
Бироқ, олимлар мазкур усулни қўллаш иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш заруратини ўрнини эгалламаслигини ҳам таъкидламоқда. Глобал исишнинг асосий ва узоқ муддатли ечими сифатида инсон фаолияти натижасида ҳосил бўлаётган углерод изини кескин қисқартириш зарурлиги таъкидланмоқда.
Ер ҲароратиСамолётлар ФойдасиАэрозол ЗаррачалариИқлим ЎзгаришиГлобал ИсишЭкологик Оқибатлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар