
Хитой қўлга киритаётган илмий ютуқлар орасида энг катталаридан бири — “сунъий қуёш” деб аталувчи термоядровий қурилманинг яратилиши бўлмоқда. Бу улкан лойиҳа мамлакатнинг ядровий энергия соҳасидаги стратегик истиқболини белгилаб беради. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин маълум қилишича, BEST (Burning Plasma Experimental Superconducting Tokamak) деб номланган иншоот 2027 йилда тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Унинг таъкидлашича, бу қурилма дунёда электр энергиясини бевосита термоядровий реакция асосида ишлаб чиқарадиган илк тизим бўлиши мумкин. Лойиҳа Хитой Фанлар академиясининг Плазма физикаси институти томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, у мамлакатнинг илмий марказларидан бири саналган Хэфэй шаҳрида жойлашган.
Қурилма асосини Дьюар базаси ташкил этади — у улкан, 400 тонна оғирликдаги, 18 метр диаметри ва 5 метр баландликдаги юқори вакуумли термос ҳисобланади. BEST қурилмаси ўта ўтказувчан магнитлар билан жиҳозланган бўлиб, улар дейтерий ва тритий аралашмасидан ҳосил бўлган ёнаётган плазмани минус 269 даража ҳароратда барқарор сақлаб туради.
Хитойда бу каби лойиҳалар илгари ҳам амалга оширилган. Жумладан, EAST (Experimental Advanced Superconducting Tokamak) қурилмаси бир неча йил аввал 1000 сониядан ортиқ вақт давомида плазмани юқори ҳароратда ушлаб туришга муваффақ бўлганди. Бу натижа ядровий энергия соҳасидаги энг муҳим ютуқлардан бири сифатида баҳоланган.
Янги BEST қурилмаси эса бу борада янги босқични бошлаб бериши мумкин. Унинг асосий мақсади — қуёш ядросидаги каби энергия чиқиши жараёнини Ер шароитида қайта яратиш ва чексиз тоза энергия манбаига эга бўлишдир.
Мутахассислар фикрича, агар лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, келгусида бутун дунё энергия хавфсизлиги соҳасида янги давр бошланади. Чунки бундай реакторлар нефть ва газга боғлиқликни кескин камайтиради, атмосферага чиқиндиларни йўқ қилади ҳамда барқарор энергия ишлаб чиқариш имконини беради.
Хитой олимлари бу лойиҳани нафақат миллий, балки глобал илмий ҳамкорликнинг намунаси сифатида кўрмоқда. Улар учун “сунъий қуёш” — фақат технологик ютуқ эмас, балки инсон сивилизациясини янги энергетик асрга олиб кирувчи рамз ҳамдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!