
Япония ҳукумати чет эллик туристлар учун мамлакатга кириш қоидаларини кескин кучайтирмоқда. Янги тартиблар ҳақида Tengrinews нашрига таяниб хабар берилмоқда. Мақсад – тиббий муассасаларга ортиб бораётган молиявий юкламани камайтириш ва давлат бюджетига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш.
Янги қоидаларга кўра, эндиликда суғурта полисига эга бўлмаган сайёҳлар Японияга кириш рухсатини ололмайди. Шунингдек, мамлакатда даволаниб, тўловни амалга оширмаган хорижликларга такрорий виза берилмайди. Бундан ташқари, шифохоналар тўланмаган хизматлар ҳақидаги маълумотларни тўғридан-тўғри иммиграция органларига етказиб беради ва турли хизматларда қарздорлар рўйхати шакллантирилади.
Япония ҳукумати бу ўзгаришларнинг сабабини сўнгги йилларда чет элликлар томонидан шифохона хизматларидан фойдаланиб, сўнгра пул тўламасдан мамлакатни тарк этиш ҳолатлари кўпайгани билан изоҳламоқда. Фақат 2024 йил сентябрь ойидагина 11 мингдан ортиқ хорижлик Японияда даволанган бўлса, улардан 90 нафаридан ортиғи 61 миллион иенга яқин қарз қолдирган. Бу эса шифохоналар ва маҳаллий соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий муаммога айланди.
Олиб борилган сўровлар кўрсатмоқдаки, Японияга келаётган сайёҳларнинг 30 фоизи суғуртасиз ташриф буюради. Бу эса мамлакат иқтисодиёти учун хавф туғдиради. Яна бир жиддий муаммо – Японияда доимий ёки узоқ муддатга яшовчи хорижликларнинг ҳам фақат 63 фоизи миллий тиббий суғурта дастурига рўйхатдан ўтган. Японияликлар учун бу кўрсаткич 93 фоизни ташкил этади. Демак, назоратни янада кучайтириш орқали бу соҳада тартиб ва адолат тикланиши кутилмоқда.
Янги тартибларга кўра, визани узайтириш жараёнида суғурта ва солиқлар тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар сўралиши мумкин. Шу билан бирга, Япония ҳукумати машҳур “солиқсиз харид қилиш” тизимини ҳам тубдан ўзгартиришни режалаштирмоқда. 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб, 10 фоиз солиқ тўғридан-тўғри дўконда харид вақтида ундирилади, кейинчалик эса пулни қайтариб олиш учун жўнаб кетишдан аввал махсус ариза тўлдириш талаб этилади.
Шунингдек, Япония электрон саёҳат рухсатномасини жорий этишга қарор қилди. 2030 йилгача амалга оширилиши керак бўлган ушбу тизим аввалроқ бошланиши мумкин. АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия, Франция ва Сингапур каби 71 та визасиз давлат фуқаролари Японияга сафар қилиш учун онлайн тарзда махсус шаклни тўлдиришлари лозим бўлади. Бу Кореянинг KETA ёки Канаданинг eTA тизимига ўхшайди — визасиз бўлса-да, олдиндан электрон рўйхатдан ўтиш шарт.
Охирги статистикага кўра, 2024 йилда Японияга 36,8 миллион хорижий меҳмон келган, 2025 йилнинг апрелида эса 3,91 миллион турист мамлакатга ташриф буюрган. Туристлар оқими йилдан-йилга ошиб бораётгани билан бирга, йирик шаҳарлардаги шифохоналарда навбатлар ва молиявий босим ортиб бормоқда.
Япониянинг мазкур қатъий қадамлари нафақат туристлар, балки мамлакатда доимий ёки вақтинча яшовчи хорижликлар учун ҳам бирдек амал қилади. Янги қоидалар туризм саноатидаги молиявий барқарорликни таъминлаш, чет эллик меҳмонларнинг масъулиятини ошириш ва мамлакат тиббий хизматларининг сифатини сақлаб қолишга қаратилган.
Фото: The New York Times «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар