Хотирасини йўқотган рафиқа учун қайта тўй уюштирилди

Малайзияда юракларни ларзага солган таъсирли воқеа содир бўлди. Бир эркак саккиз йил аввал хотирасини йўқотган рафиқаси учун яна бир бор тўй маросимини ташкил қилди.
Mothership маълумотига кўра, аёл бир неча йил аввал йўл-транспорт ҳодисасига учраб, оғир аҳволда комага тушган. У ҳушига келгач, на турмуш ўртоғини, на фарзандларини таний олган. Шунингдек, кундалик ҳаётдаги оддий кўникмаларни ҳам қайтадан ўрганишига тўғри келган.
Эркак бу даврни ҳаётидаги энг оғир синовлардан бири сифатида эслайди. Айниқса, ўша пайтда фарзандлари кичик бўлгани уни янада қийин аҳволга солган. Шунга қарамай, у таслим бўлмасдан, рафиқасига ғамхўрлик қилишни ва у билан янги хотиралар яратишни давом эттирган.
Қайта ўтказилган тўй маросими оддий, аммо самимий тарзда ташкил этилди. Фарзандлари ва фотограф ёрдамида ўтказилган тадбирда жуфтлик анъанавий либосларда намоён бўлди. Эркак рафиқасини эҳтиёткорлик билан маросим жойига бошлаб кирди, уларни гулбарг сочиб кутиб олган фарзандлари эса бу лаҳзаларга янада таъсир бахш этди.
Маросимда аввалги никоҳ узуклари қайта тақдим этилди. Кўзларида ёш билан аёл турмуш ўртоғига йиллар давомида кўрсатган меҳри ва қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдирди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш уйғотиб, ҳақиқий муҳаббат ва садоқат намунаси сифатида баҳоланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!