Техасда пиклбол жамоаси самолёти фожиали қулаб тушди

АҚШнинг Техас штатида спорт жамоасини олиб кетаётган енгил самолёт ҳалокатга учради. Фожиали ҳодиса оқибатида беш нафар киши ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Associated Press маҳаллий ҳокимият маълумотларига таяниб маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳалокат жорий йил 30 апрель куни Остин шаҳридан тахминан 64 километр узоқликда жойлашган Уимберли ҳудудида содир бўлган. “Cessna 421C” русумли самолёт Амариллодан учиб, Ню-Браунфелс томон йўл олган эди.
Самолётда Amarillo Pickleball Club аъзолари бўлган. Улар пиклбол мусобақасида иштирок этиш учун сафарга чиққан. Клуб вакили Ден Даернинг айтишича, худди шу вақтда яна бир самолёт ҳам худди ўша йўналишда учиб, манзилга муваффақиятли етиб борган.
Метеорологик хизмат маълумотларига кўра, фожиа содир бўлишидан олдин ҳудудда ҳаво қисман булутли бўлган, кейинроқ эса чақмоқ ва момақалдироқ кузатилган. Бу ҳолат учиш шароитларини мураккаблаштирган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, пиклбол — теннис, бадминтон ва стол тенниси элементларини ўзида жамлаган замонавий спорт тури ҳисобланади. Воқеа АҚШ спорт жамоалари орасида катта қайғу билан қабул қилинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!