16 сентябрь санаси халқаро миқёсда Озон қатламини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонланади. Бу сана БМТ томонидан 1994 йилда жорий этилган бўлиб, инсониятнинг табиат олдидаги катта масъулиятини эслатиб туради.
Илмий кашфиётдан бутунжаҳон ҳаракатига
Озон қатлами – Ер атмосферасининг юқори қатламларида жойлашган кўзга кўринмас, аммо жуда ҳам муҳим «ҳимоя қалқони» ҳисобланади. У инсонлар ва барча тирик мавжудотларни ультрабинафша нурларининг зарарли таъсиридан сақлайди. Агар бу табиий қалқон бўлмаганида, тери саратони ва кўз касалликлари кескин кўпайиши, қишлоқ хўжалиги ҳамда бутун экотизимларнинг издан чиқиши аниқ эди.
1980-йилларда олимлар озон қатламининг турли кимёвий моддалар таъсирида заифлашиб, йўқолиб бораётганини исботлаб берди. Бу ҳолат инсоният тарихида биринчи марта глобал экологик ҳамкорлик ва бирдамликка йўл очди.
1985 йилда 28 мамлакат Вена конвенциясини имзолаб, озон қатламини асраш йўлида келишувга эришди. Орaдан икки йил ўтиб эса Монреаль протоколи қабул қилинди. У инсоният тарихидаги энг самарали ва муваффақиятли халқаро келишув сифатида тилга олинади. Протоколда совутгич ва кондиционерларда, турли аэрозолларда қўлланадиган хлорфторуглеродлар (CFC) ҳамда шунга ўхшаш моддаларни босқичма-босқич йўқотиш мажбурияти белгиланган эди.
Монреаль протоколи – катта ютуқ
Ушбу халқаро шартнома орқали юздан ортиқ кимёвий моддалар назорат остига олинди. Улар озон қатламини емирувчи салоҳиятига қараб босқичлар билан тақиқланди. Бугунги кунга келиб, кўпгина моддалар белгиланган муддатдан ҳам аввал йўқотилди. Бу жараён ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатларда бирдек муваффақият билан амалга оширилди.
Янги босқич – Кигали ўзгартиришлари
2016 йилда Руанда пойтахти Кигалида протоколга янги ўзгариш киритилди. Бу сафар гап озон қатламини тўғридан-тўғри емирмайдиган, аммо иқлим ўзгаришига жиддий таъсир кўрсатадиган гидрофторуглеродлар (HFC) ҳақида борди. Улар ҳам босқичма-босқич қисқартирилишига келишиб олинди.
Олимлар фикрича, белгиланган қоидаларга қатъий амал қилинса, 2050 йилларга келиб озон қатлами тўлиқ тикланиши мумкин. Бу эса инсониятнинг бирдамлик билан табиат йўлида ҳаракат қилса, улкан натижаларга эришиши мумкинлигини кўрсатади.
Биз нима қила оламиз?
Эски совутгич ва кондиционерларни қоидаларга мувофиқ йўқотиш, табиатга зарарсиз маҳсулотлардан фойдаланиш, экологик одатларни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш – ҳар бир инсоннинг зиммасидаги вазифа бўлиши шарт.
Озон қатлами кўзимизга кўринмаса-да, ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятга эга. Уни муҳофаза қилиш – фақат олимлар ёки давлатлар эмас, балки ҳар бир инсоннинг шахсий масъулияти ҳисобланади.
Инсониятнинг бу йўлдаги тажрибаси бизга бир нарсани англатади: табиатни асрашни кечиктиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!