АҚШ Эроннинг тинчлик ташаббусини рад этди: кескинлик кучаймоқда

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатларда яна бир кескин бурилиш юз берди. Tehran Times хабарига кўра, Вашингтон Теҳрон томонидан илгари сурилган урушни тўхтатиш бўйича таклифларни рад этган.
Маълум қилинишича, Эрон томони низони юмшатиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга қаратилган 14 банддан иборат режа ишлаб чиққан эди. Ушбу ҳужжат АҚШга тақдим этилган бўлиб, Теҳрон расмийлари унга ёзма жавоб ҳам олганини билдирган.
Бироқ манбага кўра, Америка томони мазкур ташаббусларни тўлиқ инкор этган ва айниқса, Эроннинг ядро дастури масаласида ўзининг қатъий позициясини ўзгартирмаган. Вашингтон аввалгидек босим сиёсатини давом эттириш тарафдори экани қайд этилмоқда.
Эрон расмийлари эса, агар ушбу таклифлар маъқулланганида, музокараларнинг кейинги босқичига ўтишга тайёр бўлганини таъкидлади. Бу босқичда томонлар нафақат ҳарбий масалаларни, балки кенгроқ сиёсий ва стратегик йўналишларни, жумладан, ядро дастури билан боғлиқ муаммоларни ҳам муҳокама қилиши режалаштирилган эди.
Кузатувчилар фикрича, ушбу қарор икки давлат ўртасидаги ишонч даражасининг пастлигини яна бир бор кўрсатади. Натижада минтақадаги геосиёсий вазият янада мураккаблашиши ва дипломатик музокаралар жараёни чўзилиб кетиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!