Трампдан кейин Россия раҳбари Владимир Путин Хитойга ташриф буюрмоқчи

Россия раҳбари Владимир Путин Хитойга бир кунлик ташриф билан бориши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу ташриф АҚШ президенти Доналд Трампнинг Пекинга амалга оширган юқори даражадаги сафаридан бир неча кун ўтиб бўлиб ўтади.
South China Morning Post манбаларига кўра, Путиннинг Пекинга ташрифи 20 май кунига режалаштирилган. Ташриф Москва ва Пекин ўртасидаги мунтазам сиёсий алоқалар доирасида ўтказилиши айтилмоқда.
Манбалар бу сафар катта тантанали кутиб олиш ёки дабдабали маросимлар билан кечиши кутилмаётганини билдирган. Шунга қарамай, Хитойнинг қисқа вақт ичида АҚШ ва Россия раҳбарларини қабул қилиши халқаро майдонда эътибор тортмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Пекин бу орқали Вашингтон ва Москва билан алоқаларни мувозанатда олиб боришга уринмоқда. Шу билан бирга, Хитой тобора мураккаблашиб бораётган глобал сиёсий вазиятда ўзини муҳим куч маркази сифатида намоён қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!