date

Шавкат Мирзиёев Вашингтонга ташриф буюрди

Шавкат Мирзиёев Вашингтонга ташриф буюрди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сешанба, 4-ноябрь куни Вашингтонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида у Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан учрашади ҳамда “С5+1” саммитида иштирок этади.

Мирзиёев, шунингдек, АҚШ Конгресси аъзолари, ҳукумат вакиллари ва бизнес доираларининг вакиллари билан учрашувлар ўтказади. Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг таъкидлашича, асосий тадбирлар 5 ва 6-ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

“С5+1” саммити 6-ноябрь куни Вашингтон шаҳрида ўтказилади ва унда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳамда АҚШ Президенти иштирок этади. The Diplomat нашри таъкидлаганидек, “С5+1” формати Вашингтон учун минтақавий масалаларни ҳал этишда мослашувчан восита сифатида хизмат қилмоқда.

Бу масалалар қаторида энергетика хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик ва стратегик аҳамиятга эга минераллар ўрин олган. Шу билан бирга, Оқ уй “С5+1” форматига янги шароитларни ҳисобга олган ҳолда янгилаш масаласини ҳал қилиши керак бўлади.

Мисол учун, Жанубий Кавказ давлатларини форматга таклиф қилиш ёки ресурсларга инвестиция қилишга диққатни қаратиш масалалари кўриб чиқилмоқда. The Diplomat нашри Озарбайжонни “С5+1” форматига қўшиш имкониятини ҳам кўриб чиққан.

Нашрга кўра, бу давлат “Марказий йўлак” логистик маршрутининг муҳим бўлаги ҳисобланади. “Озарбайжоннинг Америка платформасига қўшилиши геосиёсий ҳақиқатларни акс эттирган бўларди.

Марказий Осиёнинг Ғарб билан алоқалари тўғридан-тўғри Бокудан ўтади ва минтақавий ҳамкорликка қаратилган платформадан Бокуни четда қолдириш тобора сунъий ҳаракат бўлиб кўринмоқда”, — деб таъкидланади мақолада. Аммо баъзи кичик Марказий Осиё давлатлари Озарбайжоннинг қўшилиши уларнинг “С5+1” форматдаги таъсири ва АҚШнинг эътиборини камайтиришидан хавотирда экани қайд этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шавкат Мирзиёев Вашингтонга ташриф буюрди