
АҚШ президенти Дональд Трамп Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши ҳарбий операция бошлаш ҳақида хавотир билдирганини The Wall Street Journal хабар қилди.
Нашр маълумотларига кўра, Оқ уй раҳбари куч ишлатиш орқали ҳокимият алмашинуви амалга ошишига шубҳа қилмоқда ва санкциялар ҳамда наркотрафикка қарши операциялар орқали босимни кучайтиришни афзал кўрмоқда.
Оқ уйга учта сценарий тақдим этилган: иқтисодий чоралар кўришдан тортиб, ҳарбий объектларга аниқ ҳаво зарбаларигача. Аммо манбаларга кўра, Трамп бевосита ҳарбий аралашувдан тийилиб, босқичма-босқич босимни ошириш тарафдори, чунки у аввалги режимни ўзгартиришга қаратилган муваффақиятсиз уринишлар такрорланишидан хавотирда.
Шу билан бирга, Пентагон Кариб денгизи минтақасига, жумладан, USS Gerald R. Ford авиаташувчини жойлаштиришни давом эттирмоқда. Вашингтонда бу ҳаракатлар куч намойиши сифатида баҳоланмоқда, жанговор ҳаракатларга тайёргарлик эмас.