date

Бангладеш собиқ бош вазири ўлим жазосига ҳукм қилинди

Бангладеш собиқ бош вазири ўлим жазосига ҳукм қилинди
Бангладешда собиқ бош вазир Шейх Ҳасина сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Ушбу қарор Ҳасина мамлакатни 2024 йил августида тарк этиб, Ҳиндистонда яшаб турганлиги сабабли сиртдан чиқарилган.

Суд уни талабалар қўзғолонини бостиришга буйруқ берганликда айбдор деб топди, бу воқеа давомида одамлар ҳалок бўлган. Ҳукм эълон қилинганидан сўнг суд залида олқишлар янгради.

Ҳалок бўлганларнинг оилалари қарорни қўллаб-қувватлашди, ташқарида эса ушбу хабардан сўнг баъзи одамлар ибодат қилишди. Ҳасина эса судни "сохта" деб атап, унинг қарорини тан олмаслигини айтди.

Нобел мукофоти соҳиби Муҳаммад Юнус бошчилигидаги вақтинчалик ҳукумат бу қарорни "тарихий" деб атаб, аммо фуқароларни тинчликни сақлашга чақирди. Суд қароридан сўнг Бангладеш ҳукумати Ҳиндистондан Ҳасина ва собиқ ички ишлар вазири Асадуззаман Хон Камални экстрадиция қилишни сўради.

Камал ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳиндистон мазкур масалани "кўриб чиқаётгани" ва "конструктив мулоқот" олиб боражагини билдириб, аммо тафсилотларни ошкор қилмади.

Душанба куни Даккада норозилик намойишчилари ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Намойишчилар Ҳасинанинг отасига тегишли бўлган ва ўтган йили қисман вайрон қилинган уйни бузишни талаб қилишди.

Пойтахтда хавфсизлик чоралари кучайтирилди, ҳукумат бинолари ва суд атрофида полиция ҳамда ҳарбийлар жойлаштирилди. Бангладешнинг ички суд органи бўлган Халқаро жиноятлар трибунали чиқарган бу ҳукм феврал ойида бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида эълон қилинди.

Ҳасинанинг ўғли эса партияси "Авами лиг" сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинса, мамлакатда зўравонликлар юз бериши мумкинлигини огоҳлантирган эди. БМТ маълумотларига кўра, ўтган йилнинг июль ва август ойларидаги намойишлар давомида 1 400 киши ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳат олган.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти хавфсизлик кучлари томонидан ўқ отиш натижасида вафот этган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Бангладеш собиқ бош вазири ўлим жазосига ҳукм қилинди