Венесуэла мухолифати етакчиси Мадуронинг ҳокимиятдан четлатилишини қўллаб-қувватлади

Венесуэла мухолифати етакчиси, 2025 йил Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Мария Корина Мачадо президент Николас Мадуронинг ҳокимиятдан четлатилишини қўллаб-қувватлади ва мамлакатда ўтиш даври бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
У эълон қилган мурожаатда Мачадо Мадуро Венесуэла фуқаролари ҳамда бошқа давлатлар аҳолиси олдидаги жиноятлар учун «халқаро адлия» қаршисида жавоб беришини айтди. Унинг таъкидлашича, расмийлар музокаралар орқали келишувдан воз кечгач, АҚШ ўз ваъдасини бажариб, «қонун устуворлигини таъминлаш» йўлида ҳаракат қилган.
Мухолифат етакчиси, шунингдек, сайланган президент Эдмундо Гонсалес Уррутия зудлик билан лавозимига киришиши зарурлигини билдирди. Мачадо уни давлатнинг легитим раҳбари ва миллий қуролли кучлар олий бош қўмондони сифатида атади.
Мачадо Венесуэла ичидаги тарафдорларини ташкилий тартибни сақлашга ва кейинги ҳаракатларга тайёр туришга чақирди. Чет элдаги венесуэликлардан эса мамлакатдаги сиёсий ўзгаришларни халқаро миқёсда фаолроқ қўллаб-қувватлашни сўради. У ҳозирги вазиятни демократик ўтиш учун «ҳал қилувчи» паллага тенглаб, ҳокимият алмашишига ишонч билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!