22:48 / 03.04.2019
6 331

Ўзбекистонлик талаба ҳикояси: Германияда ўқиш осонми?

Ўзбекистонлик талаба ҳикояси: Германияда ўқиш осонми?
Фото: «Дарё»
Германия Европанинг энг кўзга кўринган мамлакатларидан бири ҳисобланади. У ерда таҳсил олишни хоҳламаган одам бўлмаса керак. Германияда ўқиш учун нима қилиш керак? Қандай грантлар бор? Ўқишга борган талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлаши мумкинми?

Бу ҳақда «Дарё»га Германиянинг Шмалкалден амалий билимлар университети талабаси Муҳаммадсаид Фатуллаев батафсил гапириб берди.

Муҳаммадсаид Фатуллаев Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. У 24 ёшда, Германиянинг Шмалкалден амалий билимлар университети халқаро иқтисодиёт ва бизнес йўналишида грант асосида таҳсил олади. Рус, инглиз, немис, турк ва тожик тилларини мукаммал билади.

Германияга боришим ҳақида
Академик лицейни битирганимдан сўнг, Тошкент Молия институтига ҳужжатларимни топширгандим. Аммо урунишларим бесамар кетди. Тушкунликка тушмай, инглиз тилини мукаммал билганим учун хорижда ўқишни мақсад қилдим. Илмий ва молиявий имкониятларимни чамалаб, таълим олишим учун мумкин бўлган мамлакатлар «харита»сини тузиб чиқдим. Англия, Америка ва охири Германияда тўхтадим. Лекин бу мамлакатга тўғридан-тўғри чиқиш мушкул эди. Кейин Латвияга кетишга қарор қилдим. Шуни фахр билан айтаманки, бу ер менинг мақсадларим йўлида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтади. Латвияда бир ярим йил вақт мобайнида таълим олдим.

2017 йил июль ойида ўтказилган «Erasmus exchange program» танловининг барча босқичларидан ўтиб, финал босқичига йўлланма олдим. Комиссия аъзолари томонидан инглиз тилида ёзган иншойим юқори баҳолангани боис биринчи босқичдан муваффақиятли ўтдим. Танловнинг иккинчи босқичи суҳбат эди. Яхшигина тер тўкиб, тайёрландим. Суҳбатда Европалик вакиллар менга ўзларини қизиқтирган саволларини беришди. Шуни алоҳида айтишим керакки, суҳбатда интилиш ва истакларингизни содда ва лўнда қилиб ҳакамлар ҳайъатига тушунтириб бера олишингиз сизнинг грант ютиш учун имкониятларингизни оширади. Хуллас, танловда ғолиб бўлиб, 2017 йил октябрда Германияга 6 ойлик грант асосида ўқишга келдим. Шу вақт мобайнида немис тилини В2 даражада ўргандим. Деканимиз тавсияга кўра Шмалкалден амалий билимлар университетининг халқаро иқтисодиёт ва бизнес факультетига қабул қилиндим.

Фото: «Дарё»
Мен билган Германия
Илк бор Германияга келган вақтларимда ўзимни гўё бошқа дунёга тушиб қолгандай ҳис қилганман. Биринчи галда тоза ҳавоси ёқди. Чунки, немислар атроф-муҳитга жуда эътиборли, жониворларга меҳрибон. Эсимда, талабалар ётоқхонаси ёнидаги боғда олмахонни кўриб ақлдан озай дегандим. Табиатнинг ноёб мавжудодлари, инсонлардан қўрқмасдан эркин яшаши мени ҳайратлантирган. Мен яшаган жой адирликлар ёнбағрида жойлашгани учунми айрим ҳайвонот боғларида ҳам учратиш қийин бўлган буғуларни саҳарда кўриб қоламан. Бу ҳам табиат неъматларига бўлган эҳтиёткорона муносабатдан деб биламан.

Одамларининг ўзига хос принсплари бор. Яъни ёқмадими қилмайди, ипидан игнасигача ўрганмагунча тинмайди. Бироз қаттиққўлроқ, лекин дўстлашиб кетиш муаммо эмас. Бегоналарни ажратишмайди.

Фото: «Дарё»
Уларнинг касбига бўлган муҳаббати менга ҳайратлантирган. Умуман кўча супурувчиси ҳам ишини юракдан бажаради. Бунча мақтади деб ўйламанг, оддий ишларини ҳам сифатли бажарганини кўп кузатганим учун шундай деяпман.

Немислардан ўрганадиган жиҳатлар кўп. Тартибли, ҳамма нарсани ўз вақтида, режа асосида қилишади. Борган кунимдан бошлаб, шу хислатни ўзлаштириб олганман. Шунинг учун доимо ишларим унумли, бароридан келаверади.

Имкониятлар нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, Германия айни талабгор мамлакат дейиш мумкин. Чунки, аксарият университетлар текин, дарсдан кейин ишлашга шароит бор.

Бу ерда компаниялар кўплиги боис, немис тилини билган яхши кадрга иш муаммо бўлмайди. Талабалар ҳафтасига 20 соат давомида ишлаши мумкин. Масалан, мен ўқишдан бўш пайтларимда хусусий мактабда 7—9-синф ўқувчиларига математика ва инглиз тилидан дарс бераман. Топиб тутишим кўнгилдагидек. Харажатларимдан ортиб, гоҳида бошқа давлатларга ҳам саёҳат қилиб тураман. Хуллас, интилган талаба ўзини бемалол таъминлай олади.

Албатта, ҳамма нарса ҳам мукаммал бўлмайди. Уларнинг ҳам ўзига яраша минус тарафлари бор. Мени энг хафа қиладигани, кўпчилик оилаларда қарияларни ташлаб кетишади ёки умуман қарашмайди. Шунинг учун ҳам қариялар уйи кўп. Пенсия солиғи ҳам ошиб бормоқда. Сабаби кўпчилик ўрта ёшдагилар қариганда оиласи ташлаб кетишидан, фарзандларисиз қолишдан қўрқиб, пенсия жамғармаларига жуда катта солиқ тўлашади. Шунинг ҳисобига мамлакатда аҳоли ўртасида туғилиш камайган. Менимча, одамлар фарзандли бўлишдан наф йўқ деб ўйлашмоқда.

Германияда ўқиш учун қандай грантлар бор?
Одатда кўп грантлар, дастурлар Германия учун келади. Ўринли бир савол туғилади. Нега айнан Германияда грантлар кўп?
Биринчидан, немисларнинг фаол ва изланувчан талабаларни дунё бўйлаб излаб топиш ва рағбатлантиришга бўлган эътибори кучли.

Иккинчидан, деярли барча таълим бепул. Учинчидан, талабаларни моддий рағбатлантириш асосида немис тилининг дунё бўйлаб ёйилишини таъминлаш ва иқтидорли талабаларни қулай инфратузилмага эга бўлган компанияларда ишлатишни мақсад қилган. Ана шундай дастурлардан бири, нафақат Германияда балки, бутун Европада талабалар учун энг машҳур ва ҳар томонлама қулай бўлган дастур DAAD (Деуцчер Академисчер Аустаусчдиэнст ёки Герман Academic Эхчанге Service) ҳисобланади. Ҳар йили дунё бўйлаб, 29 та йўналиш бўйича юз мингдан ортиқ талабага DAAD стипендияси тарқатилади. Дастур томонидан таълим бериш сифати паст, оқсаётган айрим мамлакатларга ривожлантириш учун мақсадли квоталар ажратилади. Шунингдек, давлатларнинг элчихонаси билан ҳамкорликда кўплаб мусобақалар ҳам ташкил қилинади.

Агар сиз Германияга ўқиш учун грант ютолмасангиз, ўз ҳисобингиздан ҳам боришингиз мумкин.

Университетда ўқиш осонми?
У ердаги таълим тизими бизникидан кескин фарқ қилади. Университетим мисолида бир қанча фактларни ҳисобга олган ҳолда, Германияда ўқиш бир мунча қийин деган бўлардим.

Сабаби, биринчидан, ўқув йили давомида фақат маърузалар ўтилади. Дарсни тинглаш мажбурий эмас. Ўзбекистондаги университетлардагидай дарсга келган, келмаган талаба давомат қилинмайди. Ўқишга келиш ихтиёрий лекин, ўқув йили сўнггида барча талабалар белгиланган имтиҳондан ўтишлари керак.

Фото: «Дарё»
Иккинчидан, дарс иккита профессор томонидан ўтилади ва семестр сўнггида имтиҳон иккала ўқитувчига топширилади. Яъни бир фандан икки бор синовдан ўтасиз. Буни талабага қулайлик тарафи шундаки, агар биринчи ўқитувчидан яхши балл ололмасангиз, иккинчидан олишингиз мумкин. Ва иккала устоздан олган баҳоларингиз рейтинг дафтарчангизга қўйилади. Учинчидан, бир фандан 3 бора йиқилиш — бу ўқиш билан бутунлай хайрлашиш дегани. Буни мағзини чаққан талаба, албатта, ҳар битта фанни синчковлик билан ўрганади.

Фото: «Дарё»
Контрактлар ҳар бир вилоятнинг қонунларига ва университетларнинг салоҳиятига қараб белгиланади. Лекин Германиянинг аксарият вилоятларида ўқиш текин. Мен ҳам грант асосида таҳсил оламан.

Умуман олганда, Германияда Ўзбекистондагидай талабаларга «3», «4», «5»лик стипендиялар берилмайди. Лекин талабалар учун кўплаб стипендия дастурлари бор. Агар сиз қаттиқ ҳаракат қилиб, иқтидор ва қобилиятларингизни кўрсата олсангиз уларни ютиб олишингиз мумкин. Яъни грантни қўлга кирицангиз, бир йил давомида ўртача (дастурда белгиланган маблағга қараб) 450—500 евро атрофида стипендия берилади. Мен ҳам бир йил олдин шундай дастурда ғолиб бўлиб, йил давомида 660 евро атрофида стипендия олганман.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистонлик талаба ҳикояси: Германияда ўқиш осонми?