23:50 / 30.07.2019
2 868

«Қафасдаги йўлбарслар». Жанубий Корея ва Япония савдо урушини бошлади

«Қафасдаги йўлбарслар». Жанубий Корея ва Япония савдо урушини бошлади
«Осиё тўрт йўлбарси» дан бири — Жанубий Корея кунчиқар мамлакат билан савдо уруши кўчасига кириб бормоқда. Япония ва Жанубий Корея АҚШнинг минтақадаги яқин ҳамкорлари, анти-Хитой сиёсатида етакчи давлатлар ҳисобланса-да, улар ўзаро ҳисобни жойига қўймоқчи.

Экспортга тақиқ қўйилди
Япония Бош вазири Синдзо Абэ 3 турдаги кимёвий компонентларни Жанубий Кореяга экспорт қилинишига чеклов қўйди. Чеклов расман 4 август куни кучга киради. Бундан ташқари, Жанубий Корея японларнинг юқори технологик ишланмаларини тўғридан-тўғри импорт қилиш ҳуқуқини берувчи рўйхатдан чиқариб ташланди.

Буларнинг барчасига Япония ҳукумат шубҳаси, яъни корейслар иккиламчи товар сифатида япон юқори технологик ишланмаларини Хитойга сотаётгани сабаб бўлди. Кузатувлар бошқа картинани ҳам тақдим этади, аслида Абэнинг қарори ўзаро ҳисоб-китобга оид бўлиши мумкин.

Гап шундаки, Жанубий Корея суди ўтган йили ноябрда японларнинг Nihon Steel, Fujikoshi Coporation Mitsui ва Havy Industries каби йирик компанияларда Иккинчи жаҳон уруши даври корейслар меҳнатга мажбурлаганини инобатга олиб, Жанубий Корея халқига компенсация тўланиши зарурлигини ҳукмда билдирганди. Суд япон компанияларининг Кореядаги активларини гаров сифатида музлатиб қўйганди. Айни пайтда 3та компания активлари сотувга чиқарилиши олдидан Япония ҳукумати шундай кескин чоралар кўрмоқда.

Япония расмий позициясига кўра, 1965 йили Жанубий Кореяга уруш даврида етказилган зиённи қоплаш учун 500 миллион доллар товон тўлаган, аммо пуллар мамлакат иқтисодиёти ва инфратузилмага йўналтирилди. Компенсация талаб қилаётган аҳоли эса пулни Корея ҳукуматидан талаб қилиши керак. Масалани ҳал этиш учун халқаро арбитраж комиссияси тузилиши таклиф этилган, аммо Корея томони буни рад этади. Эндиликда Япония савдо уруши орқали ҳисоб-китобни ўрнига қўймоқчи.

Samsung захираси ҳам тугайди
Масаланинг жиддий томони шундаки, кимёвий компонентларни етказиб бериш муддати 3 ойгача чўзилиши мумкин. Шу туфайли йирик ишлаб чиқарувчилар захирада хом-ашё сақлайди, аммо фториралланган полиимид ишлаб чиқарилишининг 90 фоизи Япония ҳиссасига тўғри келади. Ушбу компонент мослашувчан органик светодиод дисплей ишлаб чиқариш ҳамда ярим ўтказгичлар учун резист тайёрлашда керак бўлади. Япония бутун дунёда мавжуд 70 фоиз резистни ишлаб чиқаради. Шу туфайли Жанубий Корея кимга мурожаат қилмасин, иқтисод зиён кўриши тайин.

Ишлаб чиқарилган чиплар Жанубий Корея экспортининг чорак қисмини ташкил қилади. Хом-ашё импортининг 30 фоизга қисқариши мамлакат ЯИМ 2,2 фоизга туширади (35 миллиард зарар пайдо бўлади).

«Албатта, бу — хавфли йўл. Япония каби қудратли давлат савдо чекловини эълон қилса, натижа нарх ўзгариши, иқтисодий секторлар тушишига олиб келади», — дейди АҚШ президенти Жорж Бушнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган Фил Леви.

Суд ишига аралашмайдиган Сеул чорасиз қолмоқда
Токио бир неча марта дипломатик каналлар орқали суд қароридан ташвишини билдирди. Аммо Сеул мустақил суд ҳокимиятига таъсир қила олмаслигини билдирганди. Қарорга кўра, Япония уруш йиллари меҳнатга мажбурланган ҳар бир корейс фуқаросига (марҳумнинг фарзандлари) 89 минг доллардан компенсация бериши керак.

Расмий Токио савдодаги чекловни Корея суди қарори билан боғламаяпти. Улар кимёвий компонентлар учинчи давлат қўлига тушиб, хавфли қурол ишлаб чиқаришда фойдаланишидан хавотирдалигини айтмоқда. Масала Жанубий Кореянинг реэкспорт амалиётида.

Ўртакаш ўрни ҳозирча вакант
Хитой жанубдаги Кореяни қўллаб-қувватлайди. Пекин буни расмий нотада билдирди ва Японияни тинчлик учун бўлаётган ҳаракатларни бўғишда айблади. Шунга қарамай, Япония ўтмишдаги доғни тан олмай, Кореяга савдо уруши эълон қилганини баралла айтолмайди. Бу Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид.

Вашингтон икки давлат муносабатлари кескинлашган бир нечта вазиятда медиатор бўлган. Охирги марта 2015 йили Токио ва Сеулни президент Барак Обама келиштирганди. Ҳозирги АҚШ президенти маъмурияти айни муаммони ҳал этишга шошилмаяпти. Трампдан илтимос қилса, у аралашувга тайёрлигини айтган. Аммо Давлат котиби ўринбосари Дэвид Ситвелл масалага эътибор қаратмаган. Минтақадаги АҚШ сиёсати айнан Ситвелл баёнотидан кейин равшан бўлиши керак эди, у эса янада жиддий муаммолар ҳақида бош қотириш зарурлигини таъкидлади, холос.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Қафасдаги йўлбарслар». Жанубий Корея ва Япония савдо урушини бошлади