«Мамлакатдаги ҳаммомлар сони машиналар сонидан кўпроқ!» - Финландиядаги юртдошимиз

  • 27 январь 2020, 09:15
  • 1 667
  • Дунё
  • «Мамлакатдаги ҳаммомлар сони машиналар сонидан кўпроқ!» - Финландиядаги юртдошимиз
    Суннат Самадов.
    «Хориждаги ватандошлар» рукни остида Финландияда таҳсил олаётган ҳамюртимиз Суннат Самадов билан интерьвюнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилинган эди. Бугун ана шу суҳбатнинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

    – Сизни бу ерда нима кўпроқ ҳайратлантиради?
    – Ҳозирда Хельсинки шаҳрида яшаб келяпман. Бу ер пойтахт бўлишига қарамай, аҳоли кўп ҳам зич жойлашмаган. Шаҳар ўзига хос табиатга эга. Айниқса, ҳар томонлама қулай бўлган жамоат транспорти фаолиятига ҳавасингиз келади.

    Хельсинкида мени ғоятда ҳайратлантирган нарса бу кутубхоналарнинг сони бўлди. Ҳар қадамда кутубхоналар чиқаверади. Улардан ҳамма бирдек исталган вақтда кириб фойдаланиши мумкин. Эътиборлиси, кутубхоналарда барча қулайликлар яратилган. Яъни, қариялардан тортиб боғча болаларигача. Болалар учун алоҳида расмли китоб жовонлари, ўйин майдончаларини бу ердаги деярли барча кутубхоналардан топа оласиз. Ўзим ҳам бўш вақтларимни кутубхонада ўтказишни ёқтираман.

    Хельсинкининг яна бир эътиборли жиҳати бу велосипедлар учун махсус йўлакларнинг кўплигидир. Бу йўллар минглаб километргача чўзилади. Шаҳар маъмурияти велосипедлар учун махсус йўлакларни кўпайтириб бормоқда. Қизиғи, шаҳарда ҳаво ҳарорати минус ўн даража совуқ бўлган пайтларда ҳам кўчаларда велоишқибозларни кўплаб учратишингиз мумкин.

    Суннат Самадов.
    – Финлар характери жиҳатидан қандай халқ ва уларнинг хорижликларга муносабати-чи?
    – Финландияда қарийб бир йилдан ортиқ яшаган одам сифатида айтишим мумкинки, финлар жуда ҳам ажойиб халқ. Улар тартиб ва озодаликни яхши кўришади. Ҳаттоки, автобус бекатларида ҳам бир биридан 1–2 метргача оралиқ масофани сақлаб навбатда туришади.

    Шунингдек, улар билан тезда тил топишиш қийин. Кўпинча финлар кўчада, автобусда бегоналар билан мулоқот қилишмайди. Бошида бунга мослашишим осон бўлмаган. Лекин кейинроқ ҳаммаси ўз изига тушиб кетди. Ҳозир кўплаб фин дўстларим бор.

    Қолаверса, финландияликлар спорт машғулотлари – хоккей, футбол, велосаёҳат ва баскетболни хуш кўришади. Уларнинг яна бир севимли машғулоти бу – Финча ҳаммом ёки Финча саунага тушиш. Ўйлашимча, мамлакатдаги сауналар сони машиналар сонидан кўпроқ. Билишимча, ҳар бир хонадонда камида битта, ўртача иккитадан ёзги ва қишки сауналар мавжуд. Бу ҳам албатта озодаликка интилиш ортидан, деб ҳисоблайман.

    Уларнинг хорижликларга бўлган муносабатига келсам, ажнабийларга муносабат умуман олганда яхши шаклланган. Давлатда яшаётган ҳар бир мигрант Финландия фуқаролари эга бўлган деярли барча имтиёзлардан фойдалана олади. Бундан ташқари, чет элликларга бепул фин тили курслари ташкил қилинган.

    Қурилишда ишлайдиган бир дўстим айтган эди. Хорижий мигрантларга тегишли давлат ташкилотларидан келиб ҳақ-ҳуқуқлари ва турли имтиёзлар тўғрисида маълумотлар бериб борилар экан. Яъни соатбай иш ҳақи миқдори, дам олиш кунларидаги меҳнат ҳақлари шулар жумласидан.

    Финландияга келиш ниятидагиларга маълумот сифатида айтиб ўтсам, ҳамма ерда бўлгани каби бу ерда ҳам юқори маошли ишга жойлашиш учун фин тилини билиш талаб қилинади. Шундай бўлишига қарамай, финларнинг деярли барчаси швед ва инглиз тилида гаплаша олишади.

    Яна, шунингдек, Ўзбекистондек қуёшли ўлка аҳолиси учун бу ерга мослашиш бироз қийинчиликни келтириб чиқариши мумкин. Сабаби қишда кун давомийлиги 3 – 4 соатгача камаяди. Қуёшнинг чиқиш давомийлиги камлиги боис витаминларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиш жуда зарур.

    – Сизнингча, Финландиянинг қандай тажрибаларидан ўрнак олса бўлади?
    – Финландия ўз аҳолиси учун юқори ижтимоий ҳимояни таъминлай олган. Хусусан, таълим олиш ва тиббий хизмат бепул. Бундан ташқари ишсизлик нафақаси, ёш боласи борларга яхши сумма тўланади. Шунинг учун бўлса керак, солиқлар бошқа давлатларга нисбатан баландроқ. Аммо, мени назаримда солиқларнинг юқори бўлиши аҳолининг ижтимоий ҳимоясидан келиб чиқиб тўлақонли ўзини оқлайди.

    Қолаверса, талабаларга ҳам катта имтиёзлар берилади. Деярли барча талабаларга стипендия ва ўқиш давридаги ижара ҳақини давлат ўз бўйнига олади. Шу билан бирга хорижлик талабалар ҳам мазкур имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

    – Мутахассислигингизнинг бугунги ривожланаётган Ўзбекистон учун муҳимлиги қай даражада деб ўйлайсиз?
    – Кейинги йилларда инсон омилининг табиатга таъсири жуда ортиб кетди. Бунинг натижасида глобал исиш жараёни жадаллашяпти, абадий музликлар эрияпти. Турли хил кимёвий чиқиндилар ер майдонларини зарарли ҳолатга келтирмоқда. Бу ўз навбатида, био хилма-хилликнинг йўқолиб боришига сабаб бўляти. Афсуски, мана шундай табиат инқирози денгиз сатҳининг кўтарилишини келтириб, дунёнинг бир неча юзлаб шаҳарларига катта хавф туғдирмоқда.

    Менинг мутахассислигим ахборот технологиялари ёрдамида инсон омилининг атроф-муҳитга бўлган таъсирини камайтиришга йўналтирилган. Масалан, ресурслардан фойдаланишни оптималлаштириш, энергия сарфи ва кимёвий чиқиндиларни камайтириш, аҳолининг бу борадаги саводхонлигини оширишда ITдан самарали фойдаланиш кабиларни ўз ичига олади. Бугунги кунда дунё бўйлаб бундай мутахассисларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Мен бу йўналишда таҳсил олган илк ўзбекистонлик талабалардан бири эканлигимдан фахрланаман.

    Биздаги энг катта экологик муаммолардан бири бу – шубҳасиз, Орол денгизи. Фикримча, денгизга сув таъминотини яхшилаш учун биз суғориш таъминотини яхшилашимиз керак. Мамлакатимизда IT-технологиялар ёрдамида томчилаб суғориш методи, дронлар орқали экинзорларни кузатиб бориш, ер унумдорлигини ошириш орқали сув сарфини камайтириш бунга мисол бўлиши мумкин. Бундан ташқари чиқиндиларни саралаб, қайта ишлашни ривожлантириш, логистика ва омборхоналарни оптимал танлаш натижасида ёнилғи сарфини сезиларли даражада камайтириш лозим.

    Келгусида Ўзбекистонга қайтиб, бу борадаги лойиҳаларим билан Ўзбекистон ривожига хизмат қилиш ниятидаман.

    Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

    » » «Мамлакатдаги ҳаммомлар сони машиналар сонидан кўпроқ!» - Финландиядаги юртдошимиз