
Бугунги кунда бутун дунё коронавирус пандемияси билан курашмоқда. Барчанинг эътибори коронавирусни бартараф этишга қаратилган бўлиб, бунинг учун барча давлатларда карантин эълон қилинган ёки фавқулодда ҳолат ўрнатилган.
Шу ўринда бутун диққат бир нарсага қаратилганда атрофимиздаги бўлаётган ҳолатларга эътибор бермаймиз ёки кўриб турган бўлсакда бепарволик қиламиз. Шундай бепарволикка берилмаслигимиз учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фуқароларимиз мобил телфонларига уй ҳайвонларига қўлқоп билан тегинишни тавсия қилиб смс хабарлар юборилмоқда.
Коронавирус касаллигини келтириб чиқарувчи табиий манба – бу кўршапалаклар. Кўршапалакларнинг COVID-19’ни чақирадиган тури Ўзбекистон ҳудудида учрамайди. Одамларимиз ҳам улар билан мулоқотда бўлмайди, лекин шу нарсани ёдда тутишимиз керакки, уй ҳайвонлари ҳам ўртадаги восита бўлиб қолиши мумкин. Хитойлик олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, уй ҳайвонларига ҳам коронавирус юқиши мумкинлиги аниқланган.
Қолаверса, уй ҳайвонларидан жуда кўп: эхинококкоз, иерсиниоз, паразитар касалликлар, гижжа касалликлари ҳамда юқумли ичак касалликлари юқиши мумкин. Шу нуқтаи назардан Соғлиқни сақлаш вазирилиги томонидан фуқароларнинг мобиль телефонларига юборилаётган хабарлар шахсий гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда яшаш тарзини жорий қилиш бўйича тавсия ҳисобланади.
Ҳозирги карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, тайёрлаш билан шуғулланадиган умумий овқатланиш шохобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилган. У ерлардаги қолдиқ овқатларни еб, яшаб юрган дайди ҳайвонлар ҳам кўчага чиқиб кетди. Шу сабабли аҳоли пунктларида дайди ит-мушукларнинг кўпайиш ҳолатлари учрамоқда. Аҳоли яшаш пунктларидаги эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ўзига боғлиқ.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат борки Ўзбекистонда баҳор фасли қутуриш касаллигининг асосий даври ҳисобланади. Ўзбекистонда аҳоли учун қутуриш касаллигининг асосий манбаи – итлар ва мушуклардир. Қутуриш касаллиги — нейротроп вирус қўзғатадиган, мулоқот йўли билан юқадиган, нерв тизимининг кучли зарарланиши билан кечадиган ва ўлим билан тугайдиган ўта хавфли зооантропоноз юқумли касалликдир.
Статистика маълумотларига кўра, қаровсиз ҳайвонлар тишлашидан жабр кўрадиганларнинг 50 фоиздан ортиғи болалар ва ўсмирларга тўғри келади. Давлат ветеринария кўмитаси маълумотларига кўра, дунё бўйлаб хар йили 1 миллионга якин инсон хайвонлар кутуриши оқибатида ортирилган касалликдан вафот этади. Ушбу кўрсаткичнинг 95% каровсиз дайди итлар томонидан етказилган жарохатлар бўлиб, 60-65 % ҳолатда 14 ёшгача бўлган ёш болаларда аниқланади.
Баъзи фуқаролар уйларидаги ити касал бўлса ёки уни боқа олмаса, ё бўлмаса бирор кишини тишласа, итларини кўчага ҳайдаш, яшаб турган жойидан узоқроқ жойга итни адаштириб келиш билан чекланади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади. Бундай дайди итлар карантин даврида турли вирусларнинг асосий манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради.
Жойларда маҳаллий ҳокимият идоралари, ички ишлар органлари томонидан етарли назорат ўрнатилмагани оқибатида фуқаролар томонидан итларни сақлаш қоидалари қўпол равишда бузилмоқда. Хусусан, карантин даврида ит сақлаш қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўзини ва атрофдагиларни хавф остига қўйиб ити билан кечки сайрда юрган фуқароларимизни учратиш мумкин. Шу ўринда бир савол туғилади велосипед ҳайдаш таъқиқланди, болаларни кўчага чиқариш таъқиқланди, лекин ит баҳона сайр қилиш мумкинми? “Уйимни атрофида юрибманку” деб ити билан кўчада дайдиб ён атрофдагилар учун вирус ташувчи бўлаётган фуқароларга қонунчиликда қандай таъқиқлар бор?
Карантин даврида ўрнатилган нормаларда айнан ит-мушук эгаларига уларни сақлашга оид таъқиқлар белгиланмаган.
Бироқ сайр қилдиришда эҳтиёт чоралари сифатида қуйидагиларга риоя қилиш талаб этилади:
• уй атрофидан узоқлашмаслик;
• итга тумшуқ боғ тақиш;
• ит орқасидан тозалаб юриш(ахлати учун пакет бўлиши).
Мазкур қоидаларга риоя қилмаган ҳолда ит етаклаб юрган фуқароларни ички ишлар ходимлари нафақат карантин қоидаларини бузиш бўйича, балки қонунчиликда белгиланган “Ит ва мушук боқиш қоидаларига амал қилиш юзасидан ҳам текшириши, яъни итни эмланганлиги, бўйинбоғига, тумшуқбонига қўйиладиган ва бошқа талабларга риоя этилганлиги, ит етаклаб юрувчида итнинг ахлатини олиб кетиш учун махсус пакети бор ёки йўқлигини ўрганиши ва бу талаблардан биротаси бузилган бўлган тақдирда, ит эгасини Маъмурий кодекснинг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортиш чорасини кўришлари керак бўлади.
Республикамизда ит ва мушук сақлаш қоидаларига риоя этмаслик фақат маъмурий қонунчилик билан тартибга солинади. Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 110-моддаси ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш деб номланиб, бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солиниши белгилаб қўйилган.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади оқибати қутуриш билан тугайдиган бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жарима жазоси етарлими? Бу борада хорижий давлатларда қандай қонуний чоралар кўрилган?
Хорижий мамлакатлар қонунчилигида ит сақлаш қоидалари
АҚШда фуқаролар итларга эгалик қилиш тўғрисида лицензия олишлари, ҳамда сотиб олган ёки боқиб олган итни ветеринария департаментларидан рўйхатдан ўтказиб, уларни сақлаганлик учун солиқ тўлаб боришлари лозим.
Ўрнатилган қоидаларга мувофиқ итининг ҳар қандай ҳаракати учун унинг эгаси жавоб беради. Етказилган зарар миқдоридан келиб чиқиб штатлар суди томонидан итнинг эгасига нисбатан жарима ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. Шу билан бирга АҚШ да ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бундай жиноят учун катта миқдордаги жарима жазоси ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Европанинг Швеция, Дания, Франция, Германия, Латвия каби мамлакатларида айрим ит зотларини уйда сақлаш ман этилган. Масалан, испан мастифи, аргентина доги, америка бульдоги, бультерьер каби ит зотларини. Европада ит эгалари олдиндан итлари томонидан етказиладиган зарарни, яъни “тишланиш” оқибатларини суғурта қиладилар. Қутуриш касаллигини олдини олиш учун бир йилда уч марта итларини тиббий текширувдан ўтказадилар. Қаровсиз ҳайвонлар ва улар томонидан келиб чикадиган кутуриш ва бошка касалликларни бартараф этиш бўйича алоҳида солиқ жорий этилган. Яъни ҳар бир боқилаётган ит учун мажбурий тўлов амалга оширилади. Масалан, Греция ва Бельгияда бу солиқ 50 еврогача бўлса, Испания, Болгария, Италия, Чехия, Литва, Эстония, Швецияда 10-66 еврогачадир.
Ҳайвонларни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида инсонларни яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига сабаб бўлган ҳолатларда Латвия республикаси қонунчилигида қуйидагича жазо чоралари мавжуд:
Латвия Жиноят кодексининг 230.1-моддасига мувофиқ, ҳайвонларни сақлаш қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида жабрланувчига енгил, ўрта тан жароҳати етказилганда, қисқа муддатли озодликдан маҳрум қилиш, мажбурий меҳнатга йўналтириш ёки жарима жазолари қўлланилади. Агар жабрланувчига оғир тан жароҳати етказилганда ва бу унинг ўлимига сабаб бўлганда, уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, мажбурий меҳнат ёки етказилган зарар миқдорича жарима жазоси қўлланилади.
Италия республикасида фуқаро ити ёки мушугини қаровсиз қолдирса ва бу оғир оқибатларга олиб келса, Италия Жиноят кодекси 150.3-моддасига мувофиқ уч йил озодликдан маҳрум қилиш ёки 10.000 евро миқдорида жарима жазосига белгиланади.
Сингапур ҳукумати 2002 йил 1 майда мамлакат ичкарисидаги ҳамда ташқаридан олиб кирилаётган барча итларга микрочип ўрнатилишини жорий этди. Мазкур микрочип хотирасида итни рўйхатдан ўтказилган жойи ва эгаси ҳақида, итни эмланганлиги, тиббий текширувдан ўтканлиги, ветеринар врачи тўғрисидаги маълумотлар сақланади. Бундай маълумотлар ит томонидан зарар етказилганда жабрланувчи тарафга даъво очиш учун асос бўлади.
Россия Федерацияси ҳукумати томонидан “Потенциал хавфли итларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” ги 974-сонли Қарор 2019 йил 29 июлда қабул қилинган. Мазкур қарорга мувофиқ хавфли итларнинг 13 та тури киритилган рўйхат тасдиқланган . Мамлакатда “Хайвонларга муносабат тўғрисида” ги 2018 йил 27 декабрдаги 498-Ф3-сон Қонуннинг 13 моддасига мувофиқ хавфли итлар билан сайр қилиш таъқиқланади.
Қонунчиликка таклифлар
Юқорида айтиб ўтилган хорижий давлатларни тартибга солиш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда ҳам қуйидагиларни назарда тутувчи тегишли қонун ҳужжатларини қабул қилиш лозим:
Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 110-модда санкциясини кучайтириш. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик — фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келса, — фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса — икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят Кодексга ит ва мушук сақлаш қоидаларини бузиш тўғрисидаги 2001 - модда киритиш. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук сақлаш қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик одамларнинг оммавий касалланиши, ҳайвонлар, паррандаларнинг қирилиб кетиши ёхуд бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ушбу соҳада бўшлиқ мавжудлиги, яъни ит ва мушук сақлаш қоидаларига риоя қилмаганлик учун жиноий жавобгарлик ўрнатилмаганлиги, ит ва мушук эгаларининг бепарволиги ёхуд мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини ўз вақтида кўрмаганлик ҳолатларида келиб чиқадиган оқибатлар учун жавобгарликдан қутилиб кетиш имкониятини яратади.
Маъмурий жавобгарлик кодексидаги норма санкциясини кучайтириш ҳамда Жиноят кодексига ит ва мушук сақлаш қоидаларини бузиш учун жавобгарликни киритиш жамиятимизда содир бўлаётган қонун бузилишларини олдини олади.
Шундай экан, хорижий давлатлар тажрибасини ва Ўзбекистондаги қаровсиз ҳайвонлар туфайли келиб чиқадиган оқибатларни ҳуқуқий тартибга солиш учун қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Дилдора Анварова
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар