
АҚШнинг Нью-Йорк шаҳри яна бир шиддатли жанг саҳнасига айланди. UFC 322 турнири доирасида яримўрта вазн тоифасида Жек Делла Маддалена (18–3) ва Ислам Махачев (28–1) ўртасида катта кутилган чемпионлик жангги бўлиб ўтди. Аренани тўлдирган минглаб мухлислар икки жангчининг муносиб тўқнашувини кутган бўлишса, Махачев уларнинг интизорлигини тўлиқ оқлади.
Ислам Махачев жанг давомида рақибини тўлиқ назоратда ушлаб, ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилинган қарори билан — 50:45 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижа Маддалена учун камарни илк бор ҳимоя қилиш имкони бўлган бўлса, Махачев учун яримўрта вазндаги дебют жанг эди. Аммо у бу вазнга тез мослашди, техник жиҳатдан ҳам, жисмоний жиҳатдан ҳам рақибдан устунлигини намойиш этди.
Ислам Махачевнинг карьераси аллақачон UFC тарихида алоҳида ўрин эгаллаган. У енгил вазн тоифасида камарни тўрт марта муваффақиятли ҳимоя қилган, кейин эса камардан ихтиёрий воз кечган эди. Маддалена эса бу жанггача кетма-кет 8 та зафар қозониб, ўзининг мағлубиятсиз серияси билан жуда катта ҳавас уйғотган эди.
Бироқ ўзига хос услуб, жангни оқилона ўқиш, рақиб ҳаракатини олдиндан сезиш ва тайёр тактик режалар Махачевни яна бир босқичга олиб чиқди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ислам Махачев икки вазн тоифасида камарни қўлга киритган илк россиялик жангчи сифатида UFC тарихига мустаҳкам қилиб номини ёзиб қўйди.
Бу ғалаба нафақат унинг шахсий карьерасида, балки умуман ММА учун ҳам муҳим воқеа бўлди. Исламнинг профессионалликка асосланган ўйин услуби ва босимга берилмайдиган барқарор характери яна бир бор ўзини намоён қилди.
Эндиликда Махачевнинг яримўрта вазндаги кейинги рақиби ким бўлиши мутлақо очиқ. Аммо бир нарса аниқ: у янги дивизионда ҳам жуда хавфли рақибга айланган ва камарни узоқ муддат сақлаб қолиш потенциалига эга. Мухлислар эса унинг кейинги жангини интизорлик билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.