19:31 / 15.07.2020
1 346

Вируслар ўзи қандай мавжудот? Уларнинг лабораториялардан сизиб чиқиши эҳтимоли қай даражада?

Вируслар ўзи қандай мавжудот? Уларнинг лабораториялардан сизиб чиқиши эҳтимоли қай даражада?
Фото: Imago/Xinhua
Биология ва генетика соҳасида қатор илмий изланишлар муаллифи, ёзувчи Бахтиёр Абдуғафур вируслар табиати, хусусан пандемияга сабаб бўлган коронавирус мутациясига оид ўз қарашларини билдирди.

— Тирик ва ўлик материя ўртасидаги чегара – вирус. На ўлик, на тирик. Қачонки бирор организмга кириб, ДНКсига ўзининг ДНК ёки РНКсини уласагина фаолиятини бошлайди.

COVID-19'нинг мутантлари пайдо бўлди, деган фикрлар тарқалди. Менимча, ундай эмас. Унинг модификациялашган шакли – янги авлоди пайдо бўлди. Мутацияда ДНК ёки РНКдаги нуклеотид асос(лар) ўзгаради. Модификацияда ундай эмас: ўзида бўлган, лекин кўринмаган хусусиятларни кўрсата бошлайди. Бу молекуляр биологияда «ухлаётган» генларнинг ишга тушиб кетиши (экспрессияси) дейилади.

Бу қандай рўй бериши мумкин?
Вирус қитъалардан ошди, турли иммунитетли одамларни кўрди, одам иммунитетини енгиш учун турли биологик хусусиятларини ишга солди. Бундан ташқари, вируслар ҳужайрага эга бўлмагани сабабли хўжайин-ҳужайрада ўзининг нусхаларини ҳосил қилади. Нусхаларининг ҳосил бўлишида ҳам хўжайин-ҳужайранинг қаршилигини енгишга тўғри келиши мумкин. Натижада вирус аввалги шаклларига (аждодларига) ўхшамайдиган авлодларини ҳосил қилади.

Қўлланаётган препаратларга чидамлилик ҳосил қилиш эҳтимоли ҳам катта. Бу эса вируснинг мутациясини келтириб чиқаради.

Иккинчи тўлқин деганда мутахассислар шуни назарда тутган бўлиши катта эҳтимол. Шунинг учун, COVID-19 ва шу каби бошқа эҳтимолий таҳдидлар учун илмий асосланган стратегия ва илмий гуруҳлар шакллантирилиши, замонавий лабораториялар ташкиллаштирилиши замоннинг талаби экани ойдинлашди.

Илмий адабиётларни таҳлил қилишнинг ўзи қанча маълумот беради. Биргина мисол. 2015 йилда Nature Medicine журналида «A SARS-like cluster of circulating bat coronaviruses shows potential for human emergence» («SARS-типли кўршапалак коронавируслари тўплами одамда пайдо бўлиш потенциалига эга») мақоласи эълон қилинган. Мақола муаллифлари ишлаётган давлатларга қаралса, кўп нарсалар ойдинлашади. Шунингдек, коронавируслар ҳақида махсус тадқиқотлар ҳам эълон қилинган. Бундай илмий манбалар эса жуда кўплиги сабаб келтириш ўринсиз.

Илм-фан тараққиёти давом этаркан, янгидан янги биологик таҳдидлар юзага келаверади. Чунки бошқа фанлар қатори, молекуляр биология ҳам ўз ўрнида тургани йўқ. Ривожланишда бошқа фанлардан ўтса ўтяптики, орқада қолмайди. Вирус ёки бактериянинг янги штаммини лабораторияда олиш оламшумул иш эмас.

«Минимал геном» – ҳужайранинг яшаш учун керак бўлган генларини бир ДНК занжирига жойлаш ҳам иш эмас. Илмий манбаларда қўлланмалари (методика, протокол) минглаб топилади. Биоинформатика эса бир-бирига мувофиқ, бир-бирини тўлдирадиган, қўллаб-қувватлайдиган генларни бир жойга жамлашни ҳам ҳал қилган.

Демак, COVID-19’га ўхшаб кўршапалак ёки бошқа экзотик ҳайвонлардан эмас, 4-типдаги биолабораториялардан «ясалган ҳужайра» ёки «биоматериал»нинг ташқарига сизишига ҳам дунё, шу жумладан, биз ҳам тайёр туришимиз, хавфларни олдиндан кўра билмоғимиз шарт.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)