06:00 / 21.07.2020
2 760

Таиланднинг коронавирусга қарши курашдаги муваффақияти сири нимада?

Таиланднинг коронавирусга қарши курашдаги муваффақияти сири нимада?
Фото: The New York Times
Коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда Таиланд энг хавфсиз мамлакатлардан бири бўлиб турибди — мамлакат ичида қарийб икки ойдан бери янги ҳолатлар қайд этилмаяпти, жами касалланганлар сони эса атиги 3250 кишини ташкил этмоқда. Мамлакатга инфекцияга қарши курашда нима ёрдам бермоқда?

Таиланд 2019 йилда 39 миллиондан ортиқ турист қабул қилган, Хитойда коронавирус тарқала бошлаган йил бошида эса Таиландда курорт мавсуми авжида эди. Таиланд Хитойдан кейин коронавирус юқтириш ҳолати аниқланган биринчи мамлакат бўлди. Аммо Хитой, АҚШ ва Европадан доимий одамлар оқими бўлишига қарамасдан, Таиланд Италиянинг бошига тушган фалокатдан омон қолди — мамлакатда шу кунгача 3250та коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилган ва 58 киши вафот этган. Мамлакат ичида етти ҳафтадан буён вирус юқтириш қайд этилмади.

«Таиланд нимани тўғри бажараётганини ҳеч ким билмайди, аммо бу ҳозирча иш беряпти», — деб ёзади The New York Times ва мамлакатга инфекцияга қарши курашда ёрдам бераётган сабабларни санаб ўтади.

«Ҳудудий иммунитет» ва маданият. Коронавирус юқтириш ҳолатлари камлиги бўйича Таиланднинг қўшнилари — Вьетнам (383та ҳолат, ўлим ҳолатлари йўқ ва уч ойдан буён мамлакат ичида вирус юқтириш ҳолати қайд этилмаган), Мьянма (341та ҳолат, 4 ўлим), Камбожа (171та ҳолат, ўлимлар йўқ), Лаос (19та ҳолат, ўлим юз бермаган) ва Хитойнинг Юннань провинцияси (190га яқин ҳолат) ажралиб туради.

Бундай «ҳудудий иммунитет»нинг сабаби нимада деб савол беради NYT: балки уларнинг иммун тизимида қандайдир ирсий бирикма бордир? Таиланд коронавирусга қарши кураш бўйича штаби вакили бундай деб ўйламайди. «Мен гап фақат иммунитетда ёки ирсиятда деб ўйламайман. Бунинг сабаби маданият бўлса керак. Таиландликларда қўл бериб сўрашиш одати йўқ. Бу ерда қўлларини кўксига чалиштириб бош эгиб саломлашишади», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради газета.

Бангкокдаги Чулалонгкорн университети экспертининг сўзларига кўра эса, у Таиланддаги ҳудудлардан бирида коронавирус тарқалишини ўрганган ва касаллик тасдиқланган беморларнинг 90 фоиздан ортиғида касаллик аломатлари йўқлигини аниқлаган. Унинг айтишича, таиландликлар ва уларнинг қўшнилари бошқа мамлакатлардагиларга нисбатан денге безгагига осон чалинади.

Ниқоблар. Таиландда касаллик юқтириш даражасининг пастлигига мамлакат биринчилардан бўлиб ниқоб тақиш талабини жорий этгани ҳам сабаб бўлиши мумкин деб қайд этади газета. Бундан ташқари, таиландликлар аксарият вақтини кўчада, очиқ ҳавода ўтказади.

Тест олиш даражасининг пастлиги. Мамлакатда тест олиш даражаси паст, шу боис касалланганларнинг бир қисми статистикага киритилмаган, дея қайд этади газета.

Пандемияга нисбатан тезкор чора кўриш. Мамлакатда мартда тўлақонли карантин жорий этилди. Апрелда халқаро авиақатновлар тўхтатилди.

Аммо беморлар сони кўпайишининг олдини олган мамлакат пандемия оқибатларига тўқнаш келди ва унинг туризмга боғланиб қолган иқтисодиёти жиддий зарар кўрди. Таиланд спорт ва туризм вазирлигининг ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда туризм соҳасидаги корхоналарнинг 60 фоизи ёпилиши мумкин. Халқаро валюта жамғармаси Таиланд иқтисодиёти йил охирига келиб 6,5 фоизга пасайишини тахмин қилган. Жаҳон банки 8 млн нафардан ортиқ таиландликлар ишсиз ва даромадсиз қолишини билдирган.

Таиланд ҳозирда одатий ҳаётга қайтмоқда. Мактаблар очилди: ўқувчилар албатта ниқобда бўлиши шарт. Бизнес фаолияти тикланмоқда. Таиланд ҳатто айрим хорижликлар учун чегарасини ҳам очди. The New York Times газетасининг ёзишича, ўтган ҳафтада мисрлик ҳарбий учувчида коронавирус тасдиқланган. Маълум бўлишича, у карантин режимини бузган ва курорт шаҳарлардан биридаги савдо марказига борган. Эндиликда ушбу ҳудуддаги мактаблар яна вақтинчалик ёпилган, деб ёзади газета.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Таиланднинг коронавирусга қарши курашдаги муваффақияти сири нимада?