
Евроосиё сиёсий саҳнасида сўнгги кунларда юзага келган воқеалар Озарбойжон ва Россия ўртасидаги муносабатларда жиддий узилиш ва шиддатли тортишувлар бошланишидан дарак бермоқда, деб ёзади report.az. Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат ҳудудида бир гуруҳ Россия фуқаролари қўлга олинди. Расмий версияга кўра, уларнинг барчаси уюшган жиноий гуруҳ таркибида бўлиб, Эрондан контрабанда маҳсулотлари ва гиёҳванд моддалар олиб кириш, шунингдек, киберҳужумлар уюштиришда айбланмоқда. Эълон қилинган кадрларда 10 дан ортиқ ёш йигитлар кўринади, уларнинг айримларида калтаклаш ва қон излари аниқ кўзга ташланади.
Текширув натижаларига кўра, қўлга олинганлар орасида шахси маълум бўлган таниқли россияликлар ҳам бор. Масалан, “Важние истории” нашри 41 ёшли Антон Драчев ва 30 ёшли Дмитрий Безуглийнинг шахсини аниқлади. Драчев Россия ва Германия олий ўқув юртлари битирувчиси, IT соҳасидаги Airo стартапининг асосчиси бўлиб, лойиҳаси Москва ва Санкт-Петербургда юз минглаб фойдаланувчига хизмат кўрсатмоқда. Безуглий эса ВК ва “Яндекс”да дастурчи бўлиб ишлаган ва сафарбарлик эълон қилингач, Россияни тарк этган.
Бу воқеалар, айниқса, Россия куч тузилмаларининг Екатеринбургдаги сўнгги ҳаракатлари — яъни, бир вақтлар содир этилган жиноят ишлари бўйича 50 дан ортиқ Озарбойжон фуқаросининг қўлга олиниши фонида содир бўлмоқда. Рейд пайтида икки нафар — ака-ука Сафаровлар ҳалок бўлган, уларнинг ўлими юзасидан Озарбойжон Бош прокуратураси жиноят иши қўзғатган ва Россия ҳуқуқ-тартибот органларини айбловчи баёнотлар берган.
Суд-тиббиёт экспертизасига кўра, Сафаровларда оғир жароҳатлар — бурун ва қовурғалар синиши, ички органларда гематомалар аниқланган. Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги эса бу ҳаракатларни “қабул қилиб бўлмайдиган зўравонлик” деб баҳолади ва Россия билан барча маданий тадбирларни бекор қилди, шунингдек, расмийлар даражасида бир қатор мулоқотларни тўхтатди.
Яна бир эътиборли воқеа — 30 июнь куни “Sputnik Озарбойжон” ахборот агентлиги Бокудаги офисида ўтказилган тинтув ва ходимларнинг қўлга олиниши бўлди. Озарбойжон расмийлари маълум қилишича, ушбу агентликнинг икки раҳбари Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари бўлган.
Дипломатик тортишув чегарадан ошди: 1 июль куни Москва ва Боку ўртасида норозилик ноталари алмашинди, икки давлат ҳуқуқ-тартибот органларининг хатти-ҳаракатлари бир-бири томонидан ноқонуний, деб баҳоланди.
Бу воқеалар нафақат икки давлат ўртасидаги сиёсий ва ҳуқуқий муҳитда, балки кенг жамоатчилик ва ахборот маконида ҳам катта резонанс уйғотди. Ҳозирча икки мамлакат ўртасидаги зиддият бартараф этилмаган, янги музокаралар ва келишувлар учун ҳали кўп саволлар очиқлигича қолмоқда. Минтақадаги барқарорлик ва хавфсизлик истиқболлари учун бу каби тортишувлар қанчалик таъсир ўтказишини вақт кўрсатади.
Фото: Trend.az «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар