
Европанинг энг катта иқтисоди ҳисобланган Германия ҳарбий ва молиявий ёрдам масаласида яна бир баҳсли вазиятда қолди. Бу йил Берлин мудофаа бюджети кутилмаганда Украина учун ажратилган деярли 1 миллиард еврони йўқотди – бу ҳақда Bild нашри ҳамда давлат расмийлари маълум қилмоқда.
Бир неча ҳафта аввал мудофаа вазири Борис Писториус катта шов-шув билан Украинага 2025 йил учун 9,2 миллиард евро ажратилишини маълум қилганди. Аммо 24 июнь куни эълон қилинган бюджет лойиҳасида бу кўрсаткич 8,3 миллиард еврога туширилди. Яъни, қарийб 900 миллион евро «қани?» деган савол туғилди.
Расмий маълумотларга кўра, мазкур маблағ икки қисмга бўлинган: 7,3 миллиард евро аллақачон тасдиқланган, яна 1,9 миллиард евро режалаштирилган. Бироқ Мудофаа вазирлиги бу қўшимча маблағлар ҳам олдиндан умумий суммага киритилганини билдирди. Айтишларича, фарқ Европа тинчлик жамғармаси ҳисобига тўғри келади — яъни, у пуллар келиши аниқ, аммо ҳали расман бюджетда ёритилмаган.
Бу эса Бундестагда (Германия парламенти) норозилик ва саросимани келтириб чиқарди. «Яшиллар» партияси раҳбари ўринбосари Себастян Шефер бу ҳолатни қатор саволлар билан қарши олди: “Вазирлик бу маблағларни қаердан ва қандай олаётгани мутлақо ноаниқ. Украинага сўзда эмас, амалий ёрдам керак”, — деди сиёсатчи.
12 июнь куни Германия Украинага қурол хариди учун қўшимча 1,9 миллиард евро ажратишини маълум қилганди. Бунгача Писториус Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун бу йилги ёрдам 7 миллиард евродан ошиб кетишини айтган. Аммо ҳозирча амалдаги суммалар ва келгуси режалар ўртасида жиддий фарқ бор.
Экспертлар таъкидлашича, Украина учун ажратилган ёрдамнинг реал етиб боришига кўп омиллар таъсир қилади: Европа Иттифоқи ва Германия ички сиёсий тортишувлар, молиявий манбаларнинг реал тақсимоти ва молиялаштиришнинг кечикиши. Мудофаа вазирлиги эса барча жараёнларни тез ва самарали йўлга қўйишга ваъда бермоқда.
Ҳозирги шароитда Украина учун ҳар бир евро муҳим экани, Германиянинг эса ўз сиёсий ва молиявий позициясида аниқлик киритишга тўғри келади. Чунки фронтдаги вазият мураккаб ва ёрдамнинг реал етиб бориши, бошқа иттифоқдошлар эътирози фонида, айнан Берлиннинг қатъийлигига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Шундай шароитда Германия мудофаа бюджети атрофидаги «миллиардлик бўшлиқ» нафақат молиявий рақамлар, балки Европа хавфсизлигининг келажагига оид жиддий саволлар уйғотмоқда. Мавзу кун тартибидан чиқмайди, бу муаммо Европа ва халқаро жамоатчилик эътиборида яна узоқ вақт қолиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар