date

Туркияда кенг кўламли ўрмон ёнғинлари юз бермоқда

Туркияда кенг кўламли ўрмон ёнғинлари юз бермоқда
Туркиянинг Сакаря вилоятига қарашли Тараклı туманида кеча тушдан сўнг бошланган йирик ўрмон ёнғини кечга бориб ҳам тўлиқ назорат остига олинмаган. Бу ҳақда Туркиянинг İҲА нашри хабар берди. Маҳаллий ҳокимият томонидан берилган маълумотларга кўра, ёнғин шамол таъсирида тез фурсатда кенг ҳудудга тарқалган.

Ҳодиса жойига тезкор равишда ўрмон хўжалиги ходимлари, ёнғинга қарши кураш гуруҳлари, ҳарбий қисмлар ва бошқа фавқулодда хизматлар жалб қилинди.

Сакаря вилояти ҳокимлиги томонидан берилган расмий баёнотда таъкидланишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан ёнғин ҳудудига яқин яшовчи 100 нафар фуқаро вақтинча бошқа жойларга кўчирилган. Ёнғин қишлоқларга яқин жойлашган ўрмон массивларида юз берган бўлсада, ҳалокат ёки тан жароҳати олганлар ҳақида маълумот йўқ.

"Соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолатлар координация маркази (САКОМ)дан олинган маълумотларга кўра, ҳозирча ёнғиндан жабр кўрган фуқаро қайд этилмаган. Ҳудудда хавф даражаси юқори бўлган жойлар тўлиқ назорат остида. Ёнғинга қарши курашиш ишлари туну кун давом этмоқда", — дейилади вилоят ҳокимлиги баёнотида.

Ёнғин оқибатлари дрон орқали ҳаводан тасвирга олиниб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Тасвирларда тун қоронғусида алангалар бутун тоғ-ўрмон ҳудудини ёритиб тургани кўринади.

Айни дамда Туркия расмий идоралари ёнғиннинг сабабларини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Ёнғинга қарши курашиш ишлари эса тўхтовсиз давом этмоқда.

Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари туфайли дунё бўйлаб ўрмон ёнғинлари сони ва миқёси ортмоқда. Бу каби фавқулодда ҳолатлардан хулоса чиқариш ва экологик хавфсизлик чоралари Ўзбекистон каби ўрмон фондига эга давлатлар учун ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда кенг кўламли ўрмон ёнғинлари юз бермоқда