23:13 / 22.09.2020
2 551

Гоктук Кара: Биз энди автоҳалокатларни бахтсиз ҳодисалар деб атамаймиз

Гоктук Кара: Биз энди автоҳалокатларни бахтсиз ҳодисалар деб атамаймиз
Туркиядаги Европа Иттифоқи делегациясининг дастурий менежери Гоктук Кара, йўл ҳаракати хавфсизлигини қандай яхшилаш ҳақида суҳбатлашди.

— Жаноб Кара, маълумки, Туркия аҳолисининг катта қисми шаҳарларда яшайди ва мамлакатнинг жадал урбанизацияси «ақлли шаҳар» экотизимига тез ўтишга туртки беради. Илтимос, айтингчи, ақлли шаҳар концепсияси йўл ҳаракати хавфсизлигини қандай яхшилайди?
— Туркия ривожланаётган мамлакат, шу жумладан, демографик жиҳатдан ҳам: аҳолининг ўсиш суръатлари ижобий динамикани кўрсатмоқда. Биргина сўнгги йигирма йил ичида Истанбул аҳолиси уч бараварга кўпайганини айтиш кифоя: расмий маълумотларга кўра, бу ерда ҳозир 15,5 миллион киши истиқомат қилади. Албатта, ушбу тенденцияни ҳисобга олган ҳолда, транспорт тармоқларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Параллел равишда автоулов, автобус ва темир йўл тизимлари мавжуд бўлганлиги сабабли, мамлакатда ўсиб бораётган талаб шароитида ушбу қувватларни тақсимлаш режаси мавжуд, аммо баъзида бу етарли эмас. Айнан шунинг учун «ақлли» экотизимлар шаҳарлардан транспорт соҳасига босимни камайтиришга ёрдам беради деб ўйлайман.

Трафикни бошқариш транспорт тармоғининг муҳим сегментидир. Масалан, автобус маршрутларини олайлик: «ақлли» тизимлар маршрутларнинг тирбандлигини баҳолаш орқали транспорт маршрутининг ҳар бир участкасининг ишлаш самарадорлигини тушуниш учун маълумотлар тўпламини тақдим этади.

Бундай маълумотлар ёрдамида йўл хизматлари транспорт ҳаракатини тартибга солишлари, ҳайдовчилар махсус тўхташ жойларини кузатиб бориш учун махсус дастурлардан фойдаланишлари ва фуқаролар эса транспортнинг келиш вақтини ўзларининг смартфонларида жадвал бўйича кузатишлари мумкин.

Лекин, бу маълумотларнинг ўзи фақатгина самарадорликни ошириш воситаси эканлигини англаш керак. Шу сабабли, жамият, фуқаролар ва сиёсатчилар шаҳарни ривожлантириш бўйича ўз қарашларига эга бўлиши муҳимдир.

Аввалам бор, шаҳарлардаги одамларни секинлаштириш керак. Бу ғайриоддий туюлиши мумкин, аммо шаҳарлар - шошиладиган жой эмасдир. 30 км/с дан юқори тезликда ҳаракатланиш автоҳалокат пайтида ўлим эҳтимолини бир неча борга кўпайтиради.

Инфратузилманинг хавфсизлиги жуда муҳимдир. Сиз велосипедчилар ва пиёдаларни ҳимоя қилиш орқали ҳаракатланувчиларнинг ушбу сегменти учун яхши инфратузилмани яратишингиз лозим.

Фавқулодда вазиятларда қўнғироқ қилиш тизимлари ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги учун жуда муҳимдир. Бахтсиз ҳодиса пайтида тез ёрдам хизматлари ҳалокат жойига ҳеч қандай тўсиқсиз етиб боришлари шарт. Ҳалокат пайтида транспортни бошқаришнинг ушбу устувор йўналиши жуда ҳам муҳимдир.

— Туркия ва Ўзбекистон маданий жиҳатдан бир-бирига ўхшаш мамлакатлардир. Илтимос, Туркияда Ўзбекистонда қўлланилиши мумкин бўлган йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш бўйича тажрибангиз билан ўртоқлашинг. Сизнингча, ҳаракатланиш маданиятини қандай ошириш керак? Жарималарни кучайтириш, ижтимоий реклама, яна нима?
— Менимча, бу ҳақиқатдан ҳам жуда яхши савол. Мен маданий кодга ишонаман. Бу биз ўрганган нарсалар ва биз жамият маданиятида қандай иштирок этамиздир.

Бошланғич мактабданоқ йўл ҳаракати ҳавфсизлиги маданиятини ўзлаштириш лозим. Мактаб ёшидаги болаларда бахтсиз ҳодисага учраш хавфи бор ва бу жиддий жароҳатларга, узоқ вақт азоб чекишга, тушкунликка тушишига ва ундан ҳам ёмони - ўлимга олиб келиши мумкин.

Катталар учун узоқ муддатли коммуникация стратегиясини ишлаб чиқиш муҳимдир. Фақатгина жарима тўлаш билан чекланиб, радарлар ва видеокамералар ўрнатиш этарли эмас. Одамлар ўзларининг ҳаракатларининг оқибатларини тушуниб етишлари муҳимдир.

Агар ёш бола тўсатдан йўлга сакраб чиқса, катта тезликда тўхташ қийинлиги ва бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳайдовчи тушуниши керак.

Бундан ташқари, давлат аниқ ҳаракат режалари стратегиягасига эга бўлиши керак. Қонунбузарликлар қаттиқ жазоланиши керак. Одамлар қўлга олинишларини, жаримага тортилишларини ва қилмишлари учун жавоб беришлари кераклигини англашлари лозим.

VisionZero йўл ҳаракати хавфсизлиги лойиҳаси Туркияда 2017 йилдан бери бошланган. Швеция ҳукумати томонидан 1970 йилда киритилган ушбу концепсия энди Европа Иттифоқининг барча давлатларини қамраб олади. Мақсад - бахтсиз ҳодисалардан кейин ўлим ҳолатлари сонини нолга чиқаришдир.

Биз автоҳалокатларни бахтсиз ҳодисалар деб атамаймиз, чунки бахтсиз ҳодисалар тақдир тасодифини, аслида тасодифни англатади. Аммо йўл ҳаракати хавфсизлиги статистикасини таҳлил қилсангиз, гап бепарволик ҳақида эмаслигини кўришингиз мумкин. Бу ҳолда гап деярли ҳар доим қоидабузарликлар, спиртли ичимликлар истеъмоли, тезликни ошириш, хавфсизлик камарларини эътиборсиз қолдириш ҳақида кетади. Кўп қоидабузарликлар бор ва айнан улар йўллардаги ўлимлар манбасидир.

Биз уларни бахтсиз ҳодисалар деб аташни тўхтатдик. Чунки 50 км/соат тезликда ҳаракатланиш керак бўлган жойда 120 км/с тезликда ҳаракатланиб, хавфсизлик камарини тақмаслик бахтсиз ҳодиса эмас.

Яширмайман: Туркияда VisionZero лойиҳасини амалга ошириш дастлаб қийин бўлган, аммо лойиҳа амалга оширилгандан сўнг бахтсиз ҳодисалар сони сезиларли даражада камайди. Бундан ташқари, нисбий ўлим даражаси ҳам пасаймоқда ва бу асосий натижадир.

Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ ва умуман VisionZero лойиҳаси тўрт босқичдан иборат:
Биринчи босқич - мавжуд вазиятни таҳлил қилиш: биринчи навбатда институционал ва қонунчилик тузилмалари.
Иккинчи босқич - ечимларни топиш ва умуман мамлакат учун истиқболли стратегияни яратиш.
Учинчи компонент – йўл транспорт ҳодисалари регистрини яратиш. Сиз ўлчамаган нарсангизни бошқа олишнинг иложи йўқлигини тушунишингиз ва қабул қилишингиз керак. Статистика - авариялар нима учун рўй бераётганини тушунишнинг калитидир.
Тўртинчи даража - сиёсатчилар, таниқли шахслар ва хусусий сектор иштирокида турли алоқа каналлари ёрдамида амалга ошириладиган коммуникация стратегияси.

Бугунги кунда Туркия йўл-транспорт ҳодисаларини бартараф этишга ЯИМнинг 2 фоизини сарф қилмоқда. Бу давлат шунчаки йўқотадиган жуда катта миқдор. Бундан ташқари, бу рақам фақат статистик қиймат бўлиб, унинг орқасида аниқ одамларнинг жароҳатлари ва ўлимлари мавжуд. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳам билвосита оқибатларга: жиддий шикастланишлар, руҳий тушкунлик, ажралиш ва иш жойининг йўқолишига олиб келади. Жамият тўлайдиган бу нархни калкуляторда ҳисоблаш мумкин эмас, лекин у жуда юқори. Айнан шуни ҳар бир фуқарога етказишга ҳаракат қилмоқдамиз.

— Шу кунларда Ўзбекистонда Европа Ҳаракатланиш Ҳафтаси бўлиб ўтмоқда, унинг асосий мавзуларидан бири - Zero-emission Mobility. Велосипед ва электроскутерлар каби муқобил транспорт турлари Туркияда қанчалик машҳур? Ушбу турдаги транспорт учун инфратузилмани яратишда расмийлар нималарга эътибор беришлари керак?

— Европа Ҳаракатланиш Ҳафтаси бу жуда муҳим воқеадир, турли йўллар, янги қарашлар ва воситалар мавжудлигини етказиш учун глобал имкониятдир. Бу йил Европа Ҳаракатланиш Ҳафтасида 538 та муниципалитет қатнашмоқда, бу Туркия шаҳарларининг ярмидир.

Электроскутерлар ва велосипедлар мамлакатимизда жуда машҳур транспорт турларига айланмоқда. Куни кеча, Европа Ҳаракатланиш Ҳафтасининг тақдирлаш маросими муносабати билан вазиримиз электроскутерлар ҳаракатини тартибга солишнинг янги қоидалари жорий этилишини эълон қилди.

Шу билан бирга, инфратузилма яхши ишлаб чиқилиши ва шаҳар транспорт тармоғига қўшилиши керак. Одам йўлнинг бир қисмини велосипедда айланиб ўтиши, кейин йўлини автобусда давом этиши ва сўнгра велосипедда ўз манзилига етиб боориш имкони бўлиши керак. Интеграция ва мултимодаллик фуқаролар учун қулай шароит яратиш калитидир.

Шаҳардаги ҳар бир ҳаракатланувчи жамоат транспортидан ҳам, велосипедларни ижарага олиш пунктларидан ҳам яқин масофада фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун шундай экотизимни яратиш керак.

Хавфсизлик мавзусига қайтсак. Ҳукумат хавфсизлик ҳақида ўйлаши лозим. Бахтсиз ҳодисаларнинг 70% дан ортиғи заиф гуруҳларга, шу жумладан пиёдалар ва велосипедчиларга тўғри келади. Фарзандингизга велосипедда мактабга боришига рухсат берасизми? Катта эҳтимол билан - йўқ, чунки у йўлда умуман ҳимоясиз бўлгани учун.

Биринчи навбатда, моторсиз транспорт воситалари учун инфратузилма, ажратилган йўллар ва йўлакчалар яратиш керак, улар бўйлаб қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш мумкин бўлиши лозим. Шунда ва фақат шундан кейингина одамлар улардан фойдаланишни бошлайдилар!

Маълумот шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Гоктук Кара: Биз энди автоҳалокатларни бахтсиз ҳодисалар деб атамаймиз