date

Венесуэла АҚШ босимига жавобан янги ҳарбий иттифоқчи изламоқда

Венесуэла АҚШ босимига жавобан янги ҳарбий иттифоқчи изламоқда
Николас Мадуро ҳукуматининг ўз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида Россия, Хитой ва Эрондан ҳарбий ёрдам сўраб расмий мурожаат қилгани маълум бўлди. Ушбу дипломатик чоралар АҚШнинг Кариб денгизи ҳудудида ҳарбий мавжудлигини кучайтириши ортидан амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда The Washington Post нашри АҚШ ҳукуматининг ички ҳужжатларига асосланиб хабар берди. Мадуронинг Россия президенти Владимир Путинга йўллаган мактуби расмий вакил, транспорт вазири Рамон Селестино Веласкес томонидан Москва ташрифида етказилиши режалаштирилган.

Ушбу мактубда Венесуэла етакчиси Россиядан аввал харид қилинган Су-30МК2 қирувчиларини таъмирлаш ва модернизация қилишда ёрдам сўраган. Мадуронинг таъкидлашича, айнан ушбу қирувчи самолётлар «уруш хавфи қаршисида энг муҳим тўсиқ»дир.

Шунингдек, двигателлар ва радарларни таъмирлаш, ҳамда 14 та эҳтимолий ракета тўпламларини сотиб олиш масалалари кўтарилган. Хитой раиси Си Сзинпинга йўлланган бошқа бир мурожаатда Мадуронинг ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш таклифи илгари сурилган.

Унда Хитой компаниялари томонидан радар тизимларини ишлаб чиқаришни тезлаштириш орқали Венесуэланинг мудофаа имкониятларини кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Эрон билан олиб борилаётган мулоқотлар эса амалий босқичга ўтган.

Транспорт вазири Веласкес нафақат Теҳронга ташриф режалаштирган, балки Эроннинг ҳарбий ускуналарини етказиб бериш жараёнини ҳам кузатаётгани айтилмоқда. Эрон расмийлари билан ёзишмаларда Венесуэланинг эҳтиёжлари аниқ белгиланган: «пассив аниқлаш воситалари», «GPS скремблерлар» ва 1000 километргача парвоз қилиш имкониятига эга бўлган учувчисиз учиш аппаратлари.

Ушбу технологиялар Венесуэла армиясининг разведка ва радиоэлектрон кураш қобилиятларини сезиларли даражада ошириши мумкин. Каракаснинг бу ҳаракатлари АҚШнинг август охирида наркотрафикка қарши кураш баҳонаси билан Кариб денгизи ҳудудида бошлаган ҳарбий операцияларига жавоб сифатида изоҳланмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп бу операцияларни «наркотеррористларга қарши кураш» деб атаган, улар доирасида ҳарбий-денгиз кучлари, жумладан, авиаташувчилар гуруҳи жойлаштирилган. Мадуро маъмурияти бу ҳаракатларни миллий суверенитетга таҳдид деб ҳисоблаб, ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий-техник иттифоқларни шакллантиришга интилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Венесуэла АҚШ босимига жавобан янги ҳарбий иттифоқчи изламоқда