19:39 / 21.05.2021
1 982

Хорижий давлатлар қонунчилигида туҳмат учун жавобгарликка тортишнинг ўзига хос хусусиятлари


Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган замонда ахборот олиш ва уни тарқатиш воситалари ҳам кўпайиб, такомиллашиб бормоқда.
Мазкур технологиялар орқали тарқатилаётган сон-саноқсиз маълумотларнинг қайси бири ишончли ва тўғрилигини аниқлашнинг
эса имкони йўқ. Бу эса, ўз навбатида, ёлғон ва ҳақиқатга мос келмайдиган фактларни юзага келиши орқали айрим фуқароларнинг обрўси,
 қадр-қимматининг йўқотилишига, юридик шахсларнинг эса ишчанлик обрўсига путур етиб, уларга нисбатан моддий ва маънавий зарарлар етказилишига олиб келмоқда.

Қонунчилигимизда туҳмат деганда била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, кишининг шаъни, қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи ёлғон маълумотлар бериш назарда тутилади. Туҳмат қилган шахсга қилмишининг оғирлик даражасига қараб икки хил маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали бирор шахсга  ёки ташкилотга бошқа шахслар ёки турли гуруҳлар томонидан туҳмат қилиш ҳолатлари тез-тез содир этилмоқда.

Ушбу мақолада туҳматнинг нима эканлиги ҳамда мазкур ҳатти-ҳаракат учун хорижий давлатлар қонунчилигида қандай жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида сўз юритамиз.

Хўш, хорижий давлатлар қонунчилигида бу борада қандай амалиёт мавжуд?
Сўнгги йилларда Россия Федерацияси қонунларида туҳмат учун жавобгарликни кучайтирилганини кўриш мумкин. Туҳмат учун жиноий жавобгарлик 2011 йил 7 декабрдаги 420-сон Федерал қонун билан декриминализация қилиниб, 129-модда Жиноят кодексидан чиқариб ташланган эди. Бироқ туҳмат учун жавобгарлик “Россия Федерацияси Жиноят кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги 2012 йил 28 июлдаги 141-сон федерал қонун билан жиноий қилмишлар сафига қайта киритилди.

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 1281-моддасида туҳмат қилишнинг айрим ўзига хос жиҳатларини кўриш мумкин. Масалан, мазкур модданинг 3-қисмида ўз мансабидан фойдаланиб туҳмат қилиш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳамда 4-қисмдаги ҳукумат тасдиқлаган рўйхатда келтирилган жамият учун хавфли бўлган касалликка чалинганликда айблаб туҳмат қилиш учун 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган. 2020 йилда мазкур рўйхатга коронавирус инфекцияси ҳам қўшилди. Шу билан бирга 2020 йил декабр ойида интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали туҳмат қилиш бўйича жазо турлари кенгайтирилди. Ушбу модданинг 2-3 қисмларига ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазолари қиритилди.

Россия Федерацияси қонунчилигига кўра, туҳмат учун жиноий жавобгарлик юридик шахсга қўлланилмайди. Жабрланган тараф
ўз ҳуқуқларини фуқаролик суди орқали ҳимоя қилиши мумкин. Бунда табиий равишда савол туғилади. Шахсларнинг қадр қиммати ва шаънини камситувчи ҳаракатлар содир этилса, унинг жиноий ёки фуқаролик қонунчилиги нормалари билан тартибга солинишини қандай аниқласа бўлади? Бунда маълумотни тарқатувчи шахс ёлғон маълумотни била туриб, қасддан тарқатса, у жиноий ҳатти-ҳаракатни, агар эҳтиётсизлик оқибатида, маълумотларни ҳақиқатга тўғри келмаслигини билмай туриб содир этса, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган бўлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, умумий характердаги: фирибгар, порахўр, ўғри каби айбловлар туҳмат ҳисобланмайди.
Швейцария Жиноят кодексида туҳмат учун жавобгарликни юмшатишга оид нормалар кўпроқ қўлланилишини кўриш мумкин. Масалан, кодекснинг 188-моддаси 2-қисми ҳамда 193-модда 2-хатбошисига биноан туҳмат қилишда айбдор шахс ўз сўзларини ҳақиқатга мос келмаслигини тан олиб, қайтиб олса, унга енгилроқ жазо берилиши ёки бутунлай жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Англия қонунчилигида туҳматнинг икки хил: оғзаки (slander) ҳамда ёзма (libel) кўринишлари мавжуд. Мамлакатда ҳар бир жисмоний ёки юридик шахс ўз шаъни ва ишчанлик обрўсини туҳматдан ҳимоя қилиш, суд тартибида бузилган ҳуқуқларини тиклаши кафолатланган. 

Эътиборли жиҳати шундаки, туҳмат ва ҳақорат учун айбдорларни судга бериш на марказий ва на маҳаллий ҳокимият органларига берилган. Агар бирор давлат ташкилоти мансабдор шахсларига туҳмат қилинса, уларнинг ўзи ўз ҳисобидан судга даъво аризаси киритиши мумкин. Лекин давлат ташкилоти судда томонлардан бири сифатида иштирок эта олмайди. Бу Англияда, аввало, сўз эркинлиги, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, таъқиб қилишдан тийилиш, қолаверса, мансабдор шахслар фаолиятидан халқнинг норозилиги солиқ тўловчиларнинг пули эвазига ҳимоя қилинмаслиги билан изоҳланади.

Англияда сўз эркинлигини, журналистлар фаолиятини ҳамда давлат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида
 2013 йилда The defemation act 2013 қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунда туҳмат учун жавобгарликни белгилашга оид ҳуқуқий нормалар ўз аксини топган.

Маълумки, Лондон шаҳри “Туҳмат миграцияси”нинг (Libel tourism) пойтаxти деб эътироф этилади. Бунга сабаб сифатида эса Лондон арбитраж судлари томонидан туҳмат бўйича машҳур инсонлар орасида кўплаб суд низолари кўриб чиқилгани эътироф этилади. 

Масалан, машҳур Forbes журналининг ўтган асрнинг 90 йиллари охиридаги Россиялик олигарх Борис Березовский билан боғлиқ можаролари (Godfather of the Kreml мақоласи), Саудия шайхларидан Холид ибн Махфуз  ва унинг оила аъзолари томонидан асли исроиллик АҚШ фуқароси бўлган Рейчел Эҳренфелднинг “Иблисни молиялаштириш” номли китобидан норози бўлиб, Англия халқаро арбитраж судига шикоят қилганлигини айтиб ўтиш мумкин.

Рейчел Эҳренфелд ўз китобида Холид ибн Махфузни айрим террористик гуруҳларни пул маблағлари билан таъминлаб туришда айблаган. Лондон суди қарорига кўра шайх Холид айбсиз деб топилиб, китоб муаллифига катта жарима жазоси тайинланганидан кейин, дунё бўйлаб кўп давлатларда Туҳмат миграцияси сўз эркинлигига асосий таҳдид ва катта фойда кўришга қаратилган восита дея унга қарши ҳаракатлар бошланиб кетди.

2008 йил 13 январида Нью-Йорк штати Қонунчилик кенгаши аъзоси Рорий Лансмен ҳамда сенатор Ден Скелос “Туҳмат миграциясидан ҳимояланиш тўғрисида акт”ни иккита қонунчилик палатасига ҳам таништирди. Мазкур қонун сўз эркинлигиги таъминлаш ва Нью-Йорк фуқаролик судларини ислоҳ қилиш учун ишлаб чиқилгани таъкидлаб ўтилди.

Қонун лойиҳаси Нью-Йорк штати Қонунчилик кенгаши томонидан бир овоздан маъқулланди ва губернатор Петерсон томонидан 2008 йил
 29 апрелда имзоланди. Туҳмат миграциясидан ҳимоя тўғрисидаги қонун Нью-Йорк судларига штатда истиқомат қилувчи ноширлар ва ёзувчиларга қарши хорижий давлат судининг туҳмат бўйича чиқарган қарорига эга даъвогар шахсларга оид ишларни ўз юритувига олишига, шунингдек, АҚШ Конституцияси билан кафолатланган “сўз эркинлиги ва матбуот ҳимояси”га зид бўлган хорижий давлатлар судлари қарорларини ижро этилишини чеклашга ваколат беради.

Шу билан бирга, АҚШда 2008 ва 2009 йилларда қабул қилинган “Сўз эркинлиги ҳимояси тўғрисида”ги актларга хорижий судлар томонидан Америка фуқароларига туҳмат учун жавобгарлик юклайдиган ҳукмларни, модомики мамлакат қонунлари бўйича унинг резидентлари айтган сўзлар туҳмат хусусиятига эга бўлмаса, АҚШ судлари томонидан ижро этилмаслиги бўйича нормалар киритилган. Шу муносабат билан 2010 йил 10 августда Вакиллар палатаси ва Сенат томонидан the 2010 Speech Act қонун лойиҳаси бир овоздан маъқулланиб, уша даврдаги президент Барак Обама томонидан имзоланган.

Албатта, ушбу ташаббусларнинг амалга оширилишида АҚШ Конституциясига киритилган сўз эркинлигига оид ўзгартириш ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, қонун ижодкорлари томонидан мазкур ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи нормалар давр талабадан келиб чиқиб мунтазам равишда такомиллаштирилиб бориши керак.

Шубҳасиз, жамият шу йўл орқалигина сўз эркинлигини суистеъмол қилиб, бошқаларни обрўсизлантириш ёки асоссиз туҳмат дея кимнингдир сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқини чеклаш ҳолатларини фарқлаб, ушбу ҳолатларга барҳам бера олади.

Анвар Абдухоликов 
Адлия вазирлиги Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини
 таҳлил ва мониторинг қилиш бошқармаси катта маслаҳатчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хорижий давлатлар қонунчилигида туҳмат учун жавобгарликка тортишнинг ўзига хос хусусиятлари