Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб талабалар учун контракт нархларини сезиларли равишда оширишини эълон қилди. Университет матбуот хизмати маълумот беришича, мазкур қарор асосан молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда таълим жараёнида зарур моддий имкониятларни шакллантириш мақсадида қабул қилинган.
Таъкидланишича, ЖИДУда кечки, сиртқи ёки масофавий таълим турлари мавжуд эмас. Шу боис университет молиявий манбалари асосан кундузги таълимдан тушадиган шартнома маблағларига боғлиқ. Бу эса шартнома нархларининг ошиши қарорига асосий омиллардан бири бўлгани айтиб ўтилди.
Янги белгиланган нархлар бўйича 1–2-курс талабалари учун контракт тўлови 33,75 миллион сўм (стипендиясиз) ёки 40,59 миллион сўм (стипендияли) этиб белгиланди. 3–4-курсларда эса мазкур сумма 27,3 миллион сўмдан 34,14 миллион сўмгача кўтарилди. Шунингдек, хорижлик талабалар учун ҳам нархларда ўзгариш бор: уларнинг шартнома тўлови 38,4 миллиондан 44,8 миллион сўмгача белгиланди.
Магистратура босқичида таҳсил олувчи маҳаллий талабалар эса 34,56 миллион сўм (стипендиясиз) ёки 41,4 миллион сўм (стипендияли) тўлайдилар. Хорижлик магистрлар учун эса контракт миқдори 44,8 миллиондан 51,2 миллион сўмгача оширилди.
Университет расмий хабарларига кўра, бу ўзгаришлар таълим жараёнининг сифатини таъминлаш ва молиявий барқарорликни қўллаб-қувватлашда муҳим қадам сифатида кўрилмоқда. Улар таъкидлашича, тўловлардаги ўсиш талабаларга қулай ва сифатли таълим муҳитини таъминлаш мақсадини ҳам кўзлайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 августдан бошлаб давлат бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маоши ва талабаларнинг стипендия миқдори ҳам 10 фоизга оширилган эди. Шу боис, таълим соҳасидаги ушбу янгиликлар умумий иқтисодий ўзгаришлар жараёнида кўзга ташланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!