07:00 / 09.08.2021
3 855

Асқар Акаев ўз хатолари учун қирғиз халқидан узр сўради ва Москвага қайтиб кетди


Фото: «AКИpress»
Қирғизистон биринчи президенти Асқар Акаев йўл қўйган хатоликлари учун ҳамда «Қумтор» лойиҳасини амалга ошириш чоғида умидларни оқламагани учун қирғиз халқидан узр сўради, деб ёзади Tengrinews.

Собиқ президент сўзларига кўра, 1992 йилда «Қумтор» бўйича бош битим имзоланган кундан бошлаб Қирғизистон томони миллий манфаатлар зарарига кўп марталаб муросага борган.

«Ўзим йўл қўйган хатоликлар учун чин дилдан узр сўрайман. «Қумтор» лойиҳаси бўйича қирғиз халқининг умидларини оқламаганим учун. Мен томонимдан ҳукумат устидан зарур назоратнинг йўқлиги канадалик инвесторларга кон устидан тўлиқ назоратга эга бўлиш имконини берган, улар ўзлари учун жуда катта даромад олиб, Қирғизистон учун арзимас дивидендлар ва йилдан йилга ўсиб бораётган экологик муаммоларни қолдирган», — деди Акаев.

«Ватанимдан узоқда яшаб ва «Қумтор» атрофида юз бераётган воқеаларни, айниқса, 2020 йил октябрь воқеаларидан кейин кўрилаётган қатъий чораларни кузатиб, бир четда қараб тура олмадим. Қирғизистонда мен жавобгарликка тортилиб, қидирувга берилган бўлсам-да, ‘Қумтор’ иши бўйича кўрсатмалар беришга келдим», — деди собиқ президент.

Акаевнинг маълум қилишича, чидаб бўлмас фактлардан бири 1992 йилда бош битимни имзолаш чоғида Қирғизистон ҳукумати томонидан Канаданинг Cameco корпорациясининг солиқлардан, шу жумладан, табиий ресурслардан фойдаланганлик учун солиқлардан ноқонуний озод этилиши, шунингдек, «Қумтор» лойиҳаси устидан бошқарувнинг Канада томонига бериб қўйилиши бўлган.

«Натижада Қирғизистон томони нафақат дивидендларсиз, балки Республика бюджетига тушадиган йирик солиқ тушумларисиз ҳам қолди. Фикримча, бу фақат ҳукуматнинг жиноий хатолиги эмас. Бу менинг ҳам давлат раҳбари сифатидаги хатойимдир, чунки мен ҳукуматга кўр-кўрона ишониб ва бош битимни имзолашда Қирғизистон манфаатлари тўлиқ ҳисобга олинган деб ўйлаган ҳолда ‘Қумтор’ бўйича қарорни қабул қилганман», — деди у.

Қирғизистон собиқ президенти «Қумтор иши» бўйича Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинганидан кейин мамлакатни тарк этди.

Акаевнинг сафдоши Бекболот Талгарбеков маълум қилишича, у ўғли Илим билан Москвага учиб кетган. «Қирғизистонда пайти Акаев тергов саволларининг барчасига батафсил жавоблар берди. Собиқ президент учун йўл очиқ, у Қирғизистонга иккита ҳолатда қайтиб келиши мумкин: ўз хоҳишига кўра ёки Қумтор ҳақидаги иш доирасида тергов талаби билан», — деди у.

Асқар Акаев 2 август куни Қирғизистонга қайтди. Бишкекда у аввалига сўроққа тутилган, кейин президент Садир Жапаров уни шахсан қабул қилган. Расмийлар Акаевнинг Канаданинг Centerra Gold Inc. компанияси билан «Қумтор» олтин кони борасидаги шов-шувли зиддиятда уларга ёрдам беришидан умидвор.

Акаев ватанига қайтиб келиш имкониятини тақдим этгани учун Садир Жапаровдан миннатдор эканини билдирди ҳамда «Қумтор» иши бўйича терговга ёрдамлашишга тайёрлигини айтди.

Қирғизистон Бош прокуратураси Асқар Акаев «Қумтор» олтин конини қазишда йўл қўйилган коррупция ҳақидаги жиноят иши бўйича тергов билан фаол ҳамкорлик қилаётгани ҳақида хабар берди.

Май ойи охирида Қирғизистонда яна икки нафар собиқ давлат амалдори коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган эди. Улардан бири Қирғизистон парламентининг собиқ раиси ва собиқ президент Сўронбай Жээнбековнинг укаси Асилбек Жээнбековдир.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг таъкидлашича, Акаев ва бошқа собиқ юқори мартабали амалдорлар 1992 йилда «Қумтор» лойиҳаси бўйича бош келишувни тузишда, 1994 йилда унга ўзгартиришлар киритишда, шунингдек, 2003 йилда «Камеко» компанияси билан келишувни қайта тузишда коррупция ҳолатлари учун жавобгарликка тортилган.

Қирғизистоннинг биринчи ва иккинчи президентлари Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар июль ойи бошларида «Қумтор» иши бўйича халқаро қидирувга берилганди.

Асқар Акаев 1990 йилдан 2005 йилгача дастлаб Қирғизистон ССР, сўнг Қирғизистон Республикаси президенти бўлган. 2005 йилда тўқнашувлар ва президент қароргоҳининг қирғин қилиниши воқеалари ҳамроҳлик қилган «Лолалар инқилоби» деб номланган даврда Қирғизистон президенти лавозимидан четлатилган, сўнг у Россияга қочиб кетган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Асқар Акаев ўз хатолари учун қирғиз халқидан узр сўради ва Москвага қайтиб кетди