13:38 / 22.09.2021
1 254

Байрут портида портлаган селитра эгаларининг кимлиги аниқланди (фото)

Байрут портида портлаган селитра эгаларининг кимлиги аниқланди (фото)
2020 йил 4 августда Байрут портидаги омборлардан бирида аммиакли селитра портлагандан сўнг ёнаётган кема
Фото: AFP

2020 йил 4 август куни Ливан пойтахти Байрутдаги портда кучли портлаш содир бўлганди. Орадан бир йил ўтган бўлса-да, фалокатга сабаб бўлган аммиакли селитра юклари кимга тегишли экани сирлигича қолаётган эди. Юк Ливан пойтахтига 2013 йил декабрь ойида Молдова байроғи остидаги Rhosus кемасида кириб келган. Кема экипажи эса Россия-Украина фуқароларидан иборат бўлган.

2020 йил сентябрь ойида ОCCRP (Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази) журналистлар гуруҳи суриштирув ўтказди. Маълум бўлишича, селитрани Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Savaro Limited номи остидаги компания Грузиянинг «Руставиазот» заводидан сотиб олган. Грузия компаниясининг селитраси Мозамбикдаги портловчи моддалар ишлаб чиқариш заводига олиб кетилаётган эди. Бироқ, ўша пайтда компаниянинг ҳақиқий эгалари кимлигини аниқлашнинг иложи бўлмаган: худди шундай номга эга Украина компанияси топилди, лекин унинг эгаси, днепрлик тадбиркор Владимир Вербонол селитра юкига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. Шунингдек, у бир мунча вақт ўзини эътибордан четга олишга муваффақ бўлган.

ОCCРRP'нинг янги суриштируви натижаларига кўра, Savaro компаниясининг эгаси айнан Владимир Вербонол бўлиб чиқди. Фирманинг ўзи эса халқаро компаниялар конгломерати таркибига киради; конгломерат портловчи моддалар тайёрлашда ишлатиладиган аммиакли селитрани етказиб беради. Ушбу конгломератнинг штаб-квартираси Днепр (собиқ Днепропетровск) шаҳрида жойлашган бўлиб, уни Вербонол ва унинг қайнотаси — бутун Украинада танилган қурилиш магнати Николай Алисейенко бошчилигидаги бир гуруҳ одамлар бошқаради. Улар Англия, Шотландия, Кариб денгизи ва Тинч океани оролларидаги давлатларда, шунингдек, Украина ва АҚШда рўйхатдан ўтган асли бошқа киши бўлган шахслар ва офшор компанияларнинг бутун бир тармоғи ортига бекинган.

Николай Алисейенко
Фото: icci.org.ua


Владимир Вербол
Фото: novamama.org

ОCCRP мухбирлари ушбу гуруҳга мансуб компаниялар 2000 йилларнинг бошидан бери Африка мамлакатларига аммиакли селитра сотиб келаётганини аниқлади; суриштирув иштирокчилари Мозамбикга юк етказиб бериш бўйича камида учта ҳолатни аниқлади, уларнинг сўнггиси ўз манзилига етиб бормаган Rhosus маршрути эди. Ушбу гуруҳ компанияларига ҳуқуқий ёрдамни иккита фирма кўрсатади: Кипрнинг Interstatus ва Британиянинг Alpha and Omega Group фирмалари. Улар собиқ СССР мамлакатларидан бўлган мижозларига хизмат кўрсатишга ихтисослашган.

2021 йил август ойида Лондон судида Байрут адвокатлар ассоциацияси ва портдаги портлаш қурбонлари номидан Savaro компаниясига нисбатан умумий даъво берилди. Даъвогарларнинг фикрича, бундай мураккаб ва тушунарсиз мулкчилик тизими Savaro Limited компанияси эгалари томонидан хавфли юкларни нотўғри сақлаганлик учун жавобгарликдан қочиш мақсадида ўйлаб топилган.

Ушбу даъво киритилган Украина компанияларининг адвокатлари, журналистларнинг сўровига жавобан, Rhosus олиб кетаётган селитра юкига алоқадорлигини рад этди ҳамда портлаш учун барча жавобгарликни Ливан маъмуриятига юклади. Бу баёнотда, шунингдек, даъвода тилга олинган Атлантис Corporation, Savaro ва Diniprosoft фақат IT, дастурий таъминот ва интернет-маркетинг соҳасида фаолият юритаётгани кўрсатилган, улардан бирининг веб-сайтида ҳалигача ўғит сотилаётгани эса — «амалиётчилардан бирининг хатоси» экани айтилган.

ОCCRP журналистлари текширган ҳужжатлардан маълум бўлишича, қуруқ юкларни ташувчи Rhosus кемаси Британиянинг Виргиния оролларида (BVI) рўйхатдан ўтган Agroblend Exsports томонидан ижарага олинган. Бундан мақсад, кема бошқа бир компания — Savaro Limited Грузиянинг «Руставиазот» заводидан сотиб олган аммиакли селитра юкини ташиши керак эди.

Расмий равишда, бу икки компаниянинг ҳеч бири Украинага алоқадор эмас. Agroblend Exsports компаниясининг эгаси — оролдаги аноним офшор, Savaro эса Interstatus ёрдами билан сохта номдаги кишиларни раҳбар қилиб тайинлаган. У бундай хизматларни номида Savaro сўзи учрайдиган камида тўртта компанияга кўрсатган. Масалан, ўғит сотувчиси сифатида Шотландияда рўйхатга олинган шундай компаниялардан бири Interstatus ҳамда Британиянинг корпоратив хизмат кўрсатувчи компаниялар гуруҳи Alpha and Omega Group шўъба корхоналарига алоқадор бўлиб чиқди.

Alpha and Omega Group мижозлари — жумладан халқаро санкциялар остида бўлган жисмоний шахслар ва компаниялар — бир неча бор пул ювишда айбланган. Interstatus компаниясига нисбатан эса Кипрда ҳозирда қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси томонидан текширув ўтказилмоқда, деди ОCCRP'га Кипр молиявий регулятори директори Деметра Калогеру. Interstatus директори Марина Псиллу Savaro Limited компанияси эгаларининг исмини ошкор қилишдан бош тортди. Alpha and Omega Group раҳбари Алексей Струков ҳам ўз компаниялар гуруҳининг мижозларини муҳокама қилишга розилик бермади, лекин у Interstatus билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг мижозларига юридик манзил ва почта жўнатиш хизматларини кўрсатишини тасдиқлади.

Қўлга киритган электрон почта хабарлари ёрдамида журналистлар Savara Limited ва Agroblend Exsports компанияларини Владимир Вербонолга қарашли Украина компаниялар тармоғи билан боғлашга муваффақ бўлди. Ушбу хатлардан бирига Кёртис Инглхарт номи билан имзо чеккан Agroblend ходими Ливан ҳукумати Rhosus'ни ҳибсга олгандан сўнг, 2013 йилнинг декабрь ойида ўз хатида ёрдам сўраб Ливанлик тадбиркорга мурожаат қилган. У тадбиркордан унинг компаниясига хатланган селитра юкларини олиш ҳуқуқини қўлга киритишда ёрдам беришни сўраган ҳамда кема оператори бўлган Teto Shipping компаниясини транспорт харажатлари учун тобора кўпроқ пул талаб қилаётганидан шикоят қилган.

Фото: Скриншот
Бир йил ўтгач, ўша ходим суҳбатдошига яна хат ёзади, лекин бу сафар savaro.com доменидаги бошқа манзилидан. Домен эгасининг маълумотлари бекитилган, аммо журналистларнинг аниқлашича, тегишли IP-манзил Украинанинг Savaro номли компанияси, шунингдек, ўғит сотадиган бошқа бир қанча офшор компаниялар веб-сайтларида ҳам фойдаланилади.

Владимир Вербонол 1959 йилда Украинанинг Днепр шаҳрида туғилган ва у ерда бизнес билан шуғулланиб келади. Шаҳар 2016 йилга қадар Днепропетровск деб аталган. 1990 йилларда Вербнол Украинанинг таниқли касаба уюшмаси аъзоси Михаил Волинцнинг ўринбосари бўлиб ишлаган, шунингдек, «Баткившчина» ва «Халқ фронти» партияларидан Олий Раданинг собиқ депутати Денис Дзендзерский билан ҳамкорлик қилган. Айни пайтда Дзендзерскийга нисбатан Украина коррупцияга қарши миллий бюроси томонидан қидирув эълон қилинган, шунингдек у Россия санкциялари остида.

2001 йилда Владимир Вербонол Атлантис корпорациясига асос солди. Компаниянинг интернет архивларида қолган веб-сайти парчаларига кўра, у ўғит сотиш билан шуғулланган. Вербонол ўз бизнес шериклари, шу жумладан қурилиш магнати Николай Алисейенко билан биргаликда ўғитлар, металлургия ускуналари, дастурий таъминот ва веб-дизайн хизматларини сотадиган яна бир қанча компаниялар тузди. Улардан бири 2009 йилда Украинада ташкил этилган Savaro эди. Бу фирмалар халқаро бозорда ўз бизнесларини Interstatus ёрдамида олиб борган, Англия, Шотландия ва Маршалл оролларида айнан Savaro номи билан пайдо бўлган бир нечта фирмалар рўйхатга олинган.

2011 йилда Вербонолнинг Atlantic корпорацияси банкротлик тўғрисида эълон қилиб, ёпилди, лекин тармоқ таркибига кирувчи бошқа фирмалар ўз фаолиятини давом эттирди. Бироқ, улар ўғит сотишни расман тўхтатди — ҳатто savaro.com ва atlantis.ua веб-сайтларининг архив нусхаларини ўчиришга муваффақ бўлди, уларда фирмалар ассортименти, жумладан аммиакли селитра кўрсатилган эди.

Savaro Rhosus кемаси билан жўнатиш учун селитра сотиб олаётган пайтда компанияда ишлаган собиқ ходим, исмини ошкор қилмаслик шарти билан маълум қилишича, ўшанда у Вербонол фирмаларининг IT фаолияти билан боғлиқлигига ҳеч қандай далил кўрмаган, улар ўғитлар, жумладан аммиакли селитра етказиб беришни давом эттирган.

Байрутдаги портлаш оқибатлари. 2020 йил, 4 август
Фото: AP Photo

Бундан ташқари, журналистларнинг аниқлашича, 2013 йилда Savaro уч хил партияда яна 17 минг тонна аммиакли селитра сотиб олган ва уларни Мозамбикнинг Бейра портига — Rhosus йўл олган жойга —жўнатган. Портловчи моддалар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида селитра сотиб олган Мозамбикнинг Fabrice de Exsplosivos de Mochambique компанияси вакили журналистларга компания «жаноб Владимир» бошчилигидаги Украина фирмасидан иккита партия сотиб олганини тасдиқлади. Айнан шу компания Rhosus’га ортилган юкни қабул қилиши керак эди. Селитранинг учинчи партияси Украина ва Хорватияда сотиб олинган ва Savaro билан боғлиқ Агробленд компанияси томонидан Мозамбикга юборилган. Бу юкни ким қабул қилиб олгани номаълум.

Savari эгалари уларга нисбатан даъво тайёрланаётганидан хабар топгач, изларини хаспўшлашга ҳаракат қилди. 2021 йил 23 августда Украина фуқароси, адвокат Владимир Глядченко компаниянинг номинал эгасига айланди. Украина юридик шахслар реестрида у яна камида ўнта компаниянинг эгаси сифатида рўйхатга олинган, хусусан улардан бирининг юридик манзили Savaro билан бир хил. Журналистлар Savaro унга нима учун керак бўлганини сўраганда, Глядченко компанияни бошқа ҳуқуқшуносларнинг тавсияси билан сотиб олганини ва Байрутдаги портлаш учун жавобгар эмаслигини айтди.

Бундан ташқари, Вербонол компаниялари шошилинч равишда ўғитлар бизнесининг онлайн изларини ўчира бошлади. Масалан, 2021 йилнинг июль ойида журналистлар dniprometal.com сайтини топди, у ерда «Днипрометал» номли компания металл прокат ва ўғитларни сотиш бўйича хизматлар таклиф қилган. Владимир Вербонол 2011 йилда Олга Алисеенко билан биргаликда асос солган компания ҳам худди шундай хизмат таклиф қиларди. Отасининг исмига қараганда (Николаевна) Олга Алисейенко — Николай Алисейенконинг қизи. Сайтда Днепрдаги манзил кўрсатилган, бу Savaro тармоғидаги бошқа бир қанча компанияларнинг юридик манзилига тўғри келади.

Бироқ, журналистлар Вербонол ва унинг шерикларига сўров билан мурожаат қилишганидан кўп ўтмай dniprometal.com сайтида янги реквизитлар пайдо бўлди. Улар «Днипрометал» компаниясининг маълумотларига мос келади, лекин бу компания умуман бошқа бўлиб, у ўн йилдан кўпроқ вақт олдин ўз фаолиятини тўхтатган. Журналистларни ва Лондон судига киритилган даъво бўйича даъвогарларни чалғитиш учун компания веб-сайтидаги манзилни ўзгартирганми ёки йўқ, деган журналистларнинг навбатдаги саволига Владимир Вербонол ва унинг вакиллари жавоб бермади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Байрут портида портлаган селитра эгаларининг кимлиги аниқланди (фото)
[/banner_pushhouse