Қирғизистонда давлат бошқарув тизимидаги катта бир можаро юзага келди. Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумот тарқатди: Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари республика махсус хизматлари томонидан коррупция билан боғлиқ айбловлар асосида ҳибсга олинди.
Расмий маълумотларда таъкидланишича, ушбу жараёнда фақат вазир ўринбосари эмас, балки вазирлик қошидаги ветеринария хизмати директори ҳам қўлга олинган. Тергов манфаатлари сабаб уларнинг шахсияти очиқланмагани қайд этилмоқда.
Қўйилган айбловлар
МХХ маълумотига кўра, 2025 йил июль ойида ҳукумат ички бозорда гўшт нархини барқарорлаштириш мақсадида чорва моллари экспорти учун махсус квоталар жорий этган эди. Бироқ тергов натижаларига қараганда, айрим мансабдор шахслар ушбу тизимдан фойдаланиб, ноқонуний схемалар тузишган.
Маълумотларга кўра, улар чорвачилик билан шуғулланмаган шахсларга ҳам квоталарни ноқонуний равишда берган. Кейин эса воситачилар бу ҳуқуқни тижоратга айлантириб, олинган квоталарни қайта сотиш билан шуғулланган.
Тафсилотларга кўра, бозорда қорамол учун квота ҳар бирига тахминан 300 доллардан, майда қорамол учун эса 5 минг сомдан қайта сотилган.
Оқибатлар
Бу схемалар ортидан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, фақатгина Жалолобод вилояти орқали Ўзбекистонга 40 минг бошдан ортиқ чорва ноқонуний йўл билан олиб кирилган. Бу эса Қирғизистон ичида гўшт нархининг кескин ўсишига олиб келган.
Ҳозирда қўзғатилган жиноят иши доирасида қўлга олинган шахслар Жалолобод вилоятидаги МХХ тергов изоляторига жойлаштирилган. Тергов ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда ва яқин кунларда янги маълумотлар ошкор қилиниши мумкин.
Мутахассислар таъкидламоқда: бундай ҳолатлар нафақат иқтисодий хавфсизликка зарба беради, балки аҳолининг кундалик турмушига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун коррупцияга қарши курашда қатъиятли чоралар кўриш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!